Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов 21 июнь куни туман аҳолисига мурожаат қилиб, туманнинг бир фуқароси 20 июнь куни коронавирусдан вафот этганини маълум қилгани, Ибатов чиқиши тасвирланган видеолавҳа Денов тумани ҳокимлигининг Telegram’даги каналида эълон қилиниб, сўнгра ўчириб ташлангани тўғрисида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Денов шаҳрида вафот этган беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Маълум бўлишича, Денов шаҳрида яшаган, 1961 йилда туғилган марҳум бемор Б.Х. сўнгги 5 йилдан буён ўпканинг икки томонлама ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган. Шу йилнинг 19 июнь куни бемор (аёл) мурожаатига кўра, олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Шифохонада беморга икки томонлама ўткир бронхопневмония, ўткир юрак ва ўпка етишмовчилиги оғир даражаси, коронавирус инфекциясига гумон ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, сурункали пиелонефрит, камқонликнинг ўрта оғир даражаси ташхиси ҳам қўйилган.

Беморга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан, у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Республика санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг махсус референс лабораторияси хулосасига кўра, марҳумдан олинган намунада коронавирус инфекцияси тасдиқланган. У билан мулоқотда бўлган оила аъзолари, яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий карантинга олинган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. 19-беморнинг вафоти ҳақида 10 июнь куни хабар берилгандиКитоб ва Денов туманлари ҳокимликлари ҳам ўз ҳудудларида коронавирус оқибатида бир нафардан бемор ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилган. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатларни тасдиқламай, қурбонлар сонига ўзгартириш киритмай келаётган эди.

Ўзбекистонда 25 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6990 кишини ташкил этмоқда. Ҳозирга қадар мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган 4685 нафар фуқаро (68 фоиз) соғайган.