Тошкент шаҳрида 18 июнь куни «Камаз» юк машинасининг газ баллони портлаши оқибатида икки киши вафот этди.

Фото: ЙҲХББ

Ҳодиса соат 05:52 да Шайхонтоҳур тумани ТҲАЙ кўчаси «Дилшод» кафеси қаршисида юз берган. 1982 йилда туғилган М.И. исмли эркак «Камаз» юк автомашинасини бошқариб кетаётиб, ухлаб қолиши натижасида рул бошқарувини йўқотган ва йўл ёқасида ўрнатилган реклама устуни ҳамда темир-бетон бордюрга бориб урилган.

Фото: ЙҲХББ

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда юк машинаси реклама устунига урилганидан сўнг портлаш содир бўлганини кўриш мумкин. Автомобиль қисқа фурсат ичида олов ичида қолган.

ФВВ автомобилнинг мотор ва салон қисмида ёнғин юзага келганини хабар қилмоқда. Ёнғин-қутқарув жанговар бўлинмалари соат 05:56 да манзилга етиб борган ҳамда ёнғин 06:18 да тўлиқ бартараф этилган. ФВВнинг қайд этишича, воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув техникаси жалб қилинган.

Фото: ФВВ

ЙҲХББ ахборот хизмати ЙТҲ оқибатида 38 ёшли ҳайдовчи М.И. воқеа жойида, йўл четида турган пиёда (Достон исмли, ёши тахминан 25-30 ларда бўлган йигит, айни вақтда шахсига ва ўлими сабабига аниқлик киритилмоқда) тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этганини маълум қилди.

Фото: ЙҲХББ

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.