Бундан 78 йил муқаддам, 1942 йил 13 июнда АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт стратегик идоралар хизматини ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди. Орадан беш йил ўтиб, 1947 йилда бу ташкилот Марказий разведка бюросига айланди. Шу тариқа кўплаб хавфли жиноятчиларни тутиш саҳналарига бой бўлган киноларда асосий ташкилот сифатида ҳаракат қиладиган, оммавий маданият туфайли фитна назарияси тарафдорларининг фикрича барча махфий халқаро операцияларни ўтказишга масъул бўлган хавфсизлик хизмати ташкил топди. «Дарё» даставвал маълумот йиғиш билан шуғулланадиган, кейинроқ эса нафақат АҚШда, балки дунё сиёсатига ҳам таъсир этишга қодир бу ташкилот тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

МРБ тарихи қандай бошланган эди?

МРБнинг ташкил қилиниши тарихи 1942 йилдан бошланади. Ўша кезларда АҚШ ҳукумати разведка фаолияти билан шуғулланадиган марказлашган ташкилот тузишга эҳтиёж сезади ва шу тариқа Стратегик хизматлар бошқармаси юзага келади.

АҚШга муваффақиятли олиб келинган америкалик дипломатлар, 1980 йил.

Фото: Wikipedia

Иккинчи жаҳон уруши авж палласига чиққан давр. АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт ахборот йиғиш ишлари бўйича марказлашган ягона ташкилот тузишга қарор қилади. Стратегик хизматлар бошқармаси эса айнан шундай ташкилот эди. Президент Рузвельт «Ёввойи Билл» тахаллусига эга уолл-стритлик юрист Уильям Донованга мазкур ташкилотга раҳбарлик қилиш вазифасини юклайди. Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан 1945 йилнинг 20 сентябрида президент Гарри Трумэн Стратегик хизматлар бошқармасини тарқатиб юборади ва унинг айрим ваколатларини Давлат департаментига, АҚШ Мудофаа вазирлигига олиб беради.

Уинстон Черчиллнинг Фултондаги нутқидан сўнг Совуқ уруш номи билан тарихда қолган давр бошланади. Вашингтонга эса разведка ва махфий операцияларни ўтказа оладиган кучли ва марказлашган ташкилотга зарурат туғилади. Шу сабабли 1946 йилда Марказий разведка гуруҳи тузилади. 1947 йилнинг 26 июлида АҚШ махсус хизматларининг тамал тоши бўлган «Миллий хавфсизлик тоғрисидаги қонун» қабул қилинади. Айнан шу қонунга кўра, АҚШда 1947 йилнинг 18 сентябридан бошлаб Миллий хавфсизик кенгаши ва Марказий разведка бошқармаси ташкил топади. МРБга бунда жосуслик билан айғоқчилик билан шуғулланиш, миллий хавфсизлик ва бошқа давлат манфаатларини ҳимоя қилишдек муҳим вазифалар юкланади.

Вақт ўтган сари МРБ ҳарбий амалиётларда яширин дипломатия, хорижий мамлакатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларига бевосита таъсир ўтказа оладиган институтга айланади.

Афғонистондаги прокси уруш

МРБнинг тарихда энг машҳур операцияларидан бири «Циклон» номи остида Афғонистонда амалга оширилади. Маълумотларга кўра, унинг вазифаси СССРга қарши курашаётган афғон мужоҳидларини ҳарбий қурол-аслаҳалар билан таъминлашдан иборат бўлади. 1979 йилнинг декабрь ойида совет қўшинларининг кичик контингенти Афғонистон ҳудудига киритилгач, МРБ советларга қарши кучларни қўллаш учун бор имкониятдан фойдаланади. Мақсад эса Совет Иттифоқи иқтисодиётини Афғонистондаги қуролли тўқнашувларга тортиш эвазига заифлаштириш бўлади.

Аллен Даллес, МРБ раҳбари, 1953—1961 йиллар.

Фото: Wikipedia

МРБ советларга қарши турли араб мамлакатларидан ёлланма аскарларни ёллайди ва уларга «Стингер» деб номланадиган зенит ракеталари мажмуасини тақдим қилади. Статистик маълумотларга кўра, МРБнинг «Циклон» махфий операциясини молиялаштириш учун ҳар йили 630 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилади. Агар мазкур операцияни кенг кўламда олиб кўриладиган бўлса, айнан МРБ кейинчалик радикал ташкилотлардан бири бўлган «Ал-Қоида» ташкилотининг униб ўсишига имкон беради. Кейинчалик «Ал-Қоида» АҚШ тарихида даҳшатли воқеа сифатида тарихда қолган 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига олиб келади.

Голливудлик киношунослар учун тайёр сюжетга айланган «Арго операцияси»

МРБ кўпинча ноқонуний усуллар билан АҚШнинг ташқи душманларига қарши курашар, шу боисдан баъзида МРБ ўз имижини яхшилаб олиш учун АҚШ киносаноати маркази  Голливуд билан ҳам ҳамкорлик қилар эди. Мисол учун, 2012 йилда МРБ билан ҳамкорликда суратга олинган «Арго операцияси» киносаноатининг энг нуфузли мукофотларидан бири — Оскар мукофотини қўлга киритади. Мазкур фильм учта Оскар ҳайкалчасини олишга эришади. Кино воқеалари, асосан, МРБ ёрдамида 1980 йилда Эрондаги олти нафар америкалик дипломатнинг эвакуация қилиниши воқеаларини очиб беришга муваффақ бўлади. 1979 йилнинг ноябрь ойида эронликлар ва радикал талабалар расмий Вашингтоннинг шоҳ Муҳаммад Рио Паҳлавийни қўллагани боис АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасини ишғол қилади.

Халқаро конвенцияларни бузган ҳолда эронликлар АҚШ элчихонасига бостириб киради ва элчихона ходимлари асирга олинганини эълон қилади. Олти нафар америкалик дипломат эса бошқа бинода бўлгани боис асирга тушишдан қутулиб қолади. Эрон ҳудудида бир неча кунлик қочди-қочдилардан сўнг Канада дипломатик ваколатхонасидан бошпана топади. Шундан сўнг МРБ асирга олинган ва Канада элчихонасидан бошпана топган америкалик дипломатларни озод қилиш ишларига киришиб кетади.

МРБ америкалик дипломатларни мамлакатдан олиб чиқиш учун Тони Мендесни бош қилиб тайинлайди. Тони Мендес эса бундай ишларда устаси фаранг эди. У Теҳронга боради ва унга америкалик дипломатларни Канада паспорти асосида Эрон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш топшириғи юкланади. Теҳронга Эрондан чиқишга рухсат берувчи муҳр босилган Канада паспортлари юборилади ва шу тарзда дипломатларни инқилоб авж олган мамлакатдан олиб чиқиш муваффақиятли амалга ошади.

Фото: CIA Archives

Лэнгли сир сақлашга уринган махфий операциялар

МРБ тарихида муваффақиятли махфий операциялар билан бир қаторда айғоқчилик ташкилотининг обрўсига путур етказадиган, жамоатчиликнинг танқидларига сабаб бўладиган операциялар ҳам мавжуд. «МК-Ультра» операцияси шундай махфий топшириқлардан бири саналади. «Ультра» сўзининг ўзи мазкур операция ниҳоятда махфий эканидан, бу амалиёт ҳақида ниҳоятда тор доирадаги юқори лавозимли шахслар хабардор эканидан далолат.

1953 йилда «МК-Ультра» доирасида бошланган тадқиқотлар МРБ ходимларининг ЛСД психотроп моддаларининг инсон хулқ-атворига таъсир қилишини ўрганишдан иборат эди. Бу амалиёт жараёнида айғоқчилик хизмати гипноз, инсонни уйқудан маҳрум қилиш, уни ҳақорат қилиш ва узоқ муддатга ташқи дунёдан узиб қўйиш қандай таъсир қилишини ўрганиш эди. Мазкур тадқиқотни ўтказиш учун МРБ кўплаб тадқиқот институтларини, тиббиётчиларни ва қамоқхоналарни ишга солди. Кўпинча мазкур тадқиқотлар субъекти сифатида озодликдан маҳрум қилинганлар ёки фоҳишалар танлаб олинар эди.

Натижада тадқиқот қурбонлари психотроп моддалар қабул қилаётганини ҳам билмай ҳаётдан кўз юмарди, бу эса инсон ҳуқуқларини бузадиган амалиёт сифатида тарих саҳифаларидан жой олди. Мазкур операция 20 йил мобайнида давом этди. 1973 йилда «Уотергейт» билан боғлиқ жанжал авж олиб кетгач, МРБ директори Ричард Хелмс «МК-Ультра» билан боғлиқ барча махфий ҳужжатларни йўқ қилишга, ОАВ қўлига тушиб қолмасликка буйруқ берди. Сабаби «Уотергейт» иши доирасида «МК-Ультра» билан боғлиқ махфий маълумотлар америкаликларга ошкор бўлиб қолиш хавфи бор эди.

Миллат ва конституцияга қарши чиққан МРБ

МРБ фаолиятида америкаликлардан унумли фойдаланиш мазкур ташкилотнинг қўпорувчилик фаолиятларидан биридир. Қонунчиликда эса бундай хатти-ҳаракат тақиқланади. Аммо МРБ айғоқчилик хизмати вакиллари америкаликларни ҳам айғоқчилик қилишга даъват этиши аниқланган ҳолатлар мавжуд. Бундай амалиётлар, айниқса, ХХ асрнинг 60 йилларида «Хаос» номи билан машҳур эди. Мазкур операция оирасида МРБ америкаликларнинг урушга қарши фаолиятини ўрганарди.

Ҳаттоки, МРБ алоҳида ишки ишлар билан шуғулланувчи қўмита ҳам ташкил қилади. Мазкур операциянинг муваффақиятли кечишига ишонган президент Линдон Жонсон 1965 йилда америкаликларни ҳам айғоқчилик хизматига ёллаш бўйича буйруқ беради. Шу тариқа МРБ расмий равишда АҚШдан Совет Иттифоқига ёки Хитойга ва у ёқдан АҚШга юборилаётган жўнатмаларни кўздан кечиришга, мамлакат ичкарисидаги норозилик намойишлари ичига кириш ва вазиятни ўрганиш, таҳлил қилиш, университетлар маъмуриятидаги ҳукуматга мухолифотда бўлган гуруҳ ва тўдаларни аниқлаш каби вазифаларга эга бўлади. Бу эса МРБ ўз ишининг Америка миллатига қарши қаратилган сиёсати эди.

Фото: Wikipedia

Ҳокимият тепасига Ричард Никсон келгач МРБ саёҳат қилаётган америкаликлар устидан тўла назорат ўрнатиш имконига эга бўлди. МРБнинг хориж мамлакатларидаги айғоқчилари Лэнглига ҳар бир америкалик қаерда тунаяпти, ким билан мулоқотда экани ҳақида маълумотларни етказиб бериш билан шуғулланди. Бироқ «Уотергейт» жанжали сабаб МРБ мазкур фаолиятга чек қўйишга тўғри келди.

Бироқ Лэнглининг ваколатлари мустаҳкамланиши 1981 йил 4 декабрда президент Ричард Никсоннинг №12333 сонли фармони билан яна кучайди. Мазкур фармонга биноан, МРБ ваколатлари анча кенгайди ва АҚШ федерал ҳукумати МРБ истаган пайтда маълум бир ахборотни талаб қилган тақдирда дарҳол беришини назарда тутарди. Ҳуқуқшунослар назарида айнан шу фармон МРБга ҳам хорижда, ҳам АҚШ ичкарисида кенг кўламли айғоқчилик ишларини бошлаб юборишига туртки берди.

Кейинчалик мазкур ваколат доирасида амалга оширилган махфий ҳаракатлар WikiLeaks ва Эдвард Сноуден иши доирасида жамоатчиликка ошкор бўлиб қолди. WikiLeaks гуруҳи раҳбари Жулиан Ассанж 2013 йилда МРБнинг махфий хизматларига доир 400 гегабайтга яқинроқ бўлган файлларни ўзининг Facebook’даги саҳифасида эълон қилди ва агар фойдаланувчилар шифрланган маълумотларни ўқишга қийналса, уларга код ҳам берилишини маълум қилди.

Мазкур эълон қилинган махфий файллар натижасида АҚШ жаҳон ҳамжамияти олдида ўзининг «юзини» ё֥‘қотди ва бир қатор дипломатик низолар қуршовида қолди. Хусусан, МРБ ўзининг НАТОдаги иттифоқчиси Германия амалдорлари устидан кузатиш олиб боргани ва уларнинг махфий суҳбатларини тинглагани улкан сиёсий можарони келтириб чиқарди. Германия фуқаролари АҚШ элчихонаси ташқарисида «АҚШ Германияни тинч қўй», «МРБ немисларни кузатишдан тўхта» шиорлари остида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ўтмишга назар солсак, МРБ ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам мамлакат ташқарисида муваффақиятли, ҳам муваффақиятсиз якунланган бир қатор махфий амалиётларни амалга оширган. Кубага АҚШнинг бостириб кириши, Совуқ уруш пайтида Lockheed U-2 айғоқчи учоғининг Совет Иттифоқининг Свердловск ҳудудида уриб туширилиши ва америкалик учувчи Фрэнсис Гэри Пауэрснинг 1960 йилда қамоққа олиниши (Совет Иттифоқи Гэри Пауэрсни 10 йил  муддатга жосуслик қилганликда айблайди ва XVIII асрда ташкил қилинган хавфли жиноятчилар жазо ўтайдиган Владимир шаҳридаги №1 СИЗОга жойлаштиради), Франция президенти Де Голлга суиқасд, Гватемаладаги давлат тўнтариши, Лаос, Эрон, Конго каби мамлакатлардаги қонли можароларда Лэнгли қўли борлиги таъкидланади.

Фото: Wikipedia

Бугунги МРБ

Ҳозирда АҚШнинг айғоқчилик хизмати билан шуғулланадиган МРБ ташкилоти ислоҳ қилинди ва ислоҳ қилинишда давом этмоқда. Ҳозирда МРБнинг ваколатлари доираси қуйидагилардан иборат:

  • МРБ раҳбарияти бугунда полиция, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, судга чақириш, ички хавфсизликни таъминлаш каби ваколатларга эга эмас, ташкилот, асосан, АҚШга ташқи тарафдан келадиган хавфларни таҳлил қилиш билан шуғулланади;
  • эҳтимолий ташқи хавфларнинг кўламини аниқлайди ва чин хавф туғилганда тегишли даражадаги хавфсзликка жавобгар ташкилотларни мазкур хавфдан хабардор қилади;
  • АҚШдаги турли ташкилотлар билан ҳамкорликда АҚШ хавфсизлигига доир маълумотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади;
  • миллий хавфсизлликка доир бошқа айғоқчилик хизматларини амалга оширади;
  • энг сўнгги технологияларни АҚШ хавфсизлиги учун ишлатишда ташаббус кўрсатади.

Изоҳ: МРБни одатда бадиий адабиётларда Лэнгли атамаси билан номлашади. Лэнгли бу Виржиния штатидаги Фэрфакс округидаги Маклин аҳоли пунктида жойлашган, аҳоли истиқомат ҳудудига киритилмаган ҳудудда бош қароргоҳи жойлашган МРБнинг синоним шаклидир.

Қизиқарли фактлар:

  • Француз ёзувчиси Жерар де Вильянинг «САС» туркумидаги асарларининг барчаси МРБнинг турли давлатлардаги махфий амалиётларига бағишланади. Асардаги амалиётларнинг аксарлари тўқима сюжет асосига қурилган;
  • МРБ совуқ уруш пайтида СССРга қарши курашиш учун 20 миллион долларга баҳоланган айғоқчи мушук яратган;
  • АҚШнинг Германиядаги Франкфурт шаҳрида жойлашган консулхонасида МРБнинг махфий хакерлари фаолият юритган;
  • 1950—1960 йилларда МРБ назоратидаги учоқлар бир неча бор Хитой устидан учиб ўтиб, Хитойнинг махфий объектларини расмга олган. Хитой тарафи АҚШга бир неча маротаба сўнгги чора кўраман деб огоҳлантириш юборган. Тарихда бу жиддий оқибатларга олиб келмайдиган «Хитойнинг сўнгги чораси» иборасининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

МРБ ҳақидаги энг машҳур кинолар

  • «Хатолар ҳисоби» — Скотт Бёрнснинг тарихий воқеалар асосида суратга олинган фильми. Мазкур фильм АҚШда 2001 йил 11 сентябрда амалга оширилган терактлар ва теракт айбдорларини аниқлашда МРБнинг шафқатсизлик билан олиб борган тергов жараёнлари батафсил ёритилади;
  • «Ватан» сериалида денгиз кучлари сержанти Николас Броди кўп йиллик Ироқдаги асирликдан сўнг ватани АҚШга қайтади. Аммо МРБ айғоқчиси Кэри Матисон ироқликлар Николасни шунчаки қўйиб юборганига ишонмайди ва уни мамлакатда катта қўпорувчилик амалга оширишда гумон қилишади;
  • «Арго операция» — 1979 йилда Теҳронда юз берган Ислом инқилоби воқеаларига бағишланади. Фильмда МРБ хизмати вакиллари олти нафар АҚШ дипломатини Эрон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш воқеалари тасвирланади.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.