Наманган вилоятида коронавирусдан тузалган беморлар сони 258 нафарга етди. Уйчи ва Янгиқўрғон туманларида бемор қолмади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Коронавирус профилактикаси штаби маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 14 июнь куни коронавирус инфекциясига чалиниб, Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморлардан 4 нафари бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилган.

Уларнинг бир нафари Тўрақўрғон туманидан (1992 йилда туғилган аёл), бир нафари Янгиқўрғон туманидан (1979 йилда туғилган эркак) ва икки нафари Уйчи туманидан (1960 ва 1968 йилда туғилган аёллар).

«Бугунги кун ҳолатига кўра, Уйчи ва Янгиқўрғон туманида яшовчи коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг барчаси тузалди», — дейилади хабарда.

Вилоят бўйича бугунга қадар коронавирусга чалинган жами 273 нафар фуқародан 258 нафари (95 фоиз) тузалди. 4 киши вафот этган. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлари шифохонасида 11 нафар — Тўрақўрғон туманидан 3 нафар, Наманган шаҳридан, Наманган ва Поп туманларидан 2 нафардан, Чуст ва Косонсой туманларидан 1 нафардан — бемор даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни Наманган шаҳрида коронавирус билан касалланганларнинг барчаси соғайгани тўғрисида хабар берилганди.

Ўзбекистонда 14 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 4994 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда 15 мартдан буён коронавирусга чалингани аниқланган шахсларнинг 3874 нафари соғайган, 19 нафари эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.