МИБ Шаҳрихон туман бўлими ходимлари вояга етмаган уч ва олти ёшли болаларни ота қарамоғидан она тарбиясига олиб берди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ Андижон вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, оилавий келишмовчилик сабаб фуқаро Р.С. турмуш ўртоғининг уйидан кетишга мажбур бўлган. Бироқ фарзандларини олиб кетолмагач, судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг 2020 йил 4 март кунидаги ижро варақасига асосан МИБга аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи қарамоғида бўлган фарзандларини мажбурий тартибда олиб бериш мажбурияти юклатилган ва МИБ Шаҳрихон туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
МИБ ходимлари томонидан отага болаларини онасига ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган. Лекин ота фарзандини онасига беришдан бош тортган. Шунга кўра, жорий йилнинг 28 май куни давлат ижрочилари тегишли органлар ва холислар иштирокида икки нафар вояга етмаган фарзанд онаси Р.С. тарбиясига олиб берган. Шунингдек, жавобгар отадан 461 610 сўм миқдорида суд божи ундирилган.
Изоҳ (0)