Ўзбекистон Президентининг «2020/2021-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: «Дарё»

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 2020/2021-ўқув йили қабулидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти ажратилади.

Шунингдек, Президент қарори билан спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналишининг ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди. Қайд этилишича, бу спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида амалга оширилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларига қабул квоталари тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 103 575 нафар, сиртқи таълим шаклига 31 350 нафар, кечки таълим шаклига эса 5 025 нафар квота ажратилган. Магистратура босқичига эса 10 425 нафар квота берилган.

Шунингдек, сўхлик битирувчиларга ОТМларга киришда алоҳида 500 та давлат гранти квотаси ажратилган.