Ўзбекистонда 12 июнь куни соат 10:00 га қадар касаллик аниқланган 78 нафар бемордан 7 нафари аҳоли орасида қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, мазкур 7 ҳолат Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қайд этилган.

Фото: «Дарё»

Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи фуқаро тана ҳарорати кўтарилиб, шифохонага мурожаат қилган ва унда касаллик аниқланган. Яна бир бемор Жондор туманидаги «Вет-Фарм» МЧЖ сотувчиси ҳисобланади. Вобкент туманида яшовчи фуқаро ҳам тана ҳарорати кўтарилгани сабабли таҳлил топширган ва унда касаллик борлиги маълум бўлган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 10 июнь куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 103 нафар беморнинг 27 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 11 июнь куни коронавирус қайд этилган 118 нафар бемордан 39 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумот ҳам умумий касалланиш, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари динамикасида ўсиш кузатилаётганини кўрсатмоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, 11 июнь куни аҳоли орасида аниқланган беморлар сони Навоий вилоятида 18 нафар, Тошкент шаҳрида 17 нафар, Наманган вилоятида 3 нафар ҳамда Тошкент вилоятида 1 нафарни ташкил этмоқда.

Хусусан, 11 июнь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи фуқаро ишга кириш мақсадида таҳлилдан ўтганда, унда касаллик борлиги аниқланган. Шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги Mediapark савдо мажмуасининг яна бир сотувчисида, Юнусобод деҳқон бозорининг яна 6 нафар сотувчисида, Сергели туманида касаллиги тасдиқланган такси ҳайдовчисининг отаси ва укасида коронавирус аниқланган.

Мамлакатнинг турли ҳудудларида аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари кузатилаётганини ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини ҳар қадамда хушёр ва огоҳ бўлишга, карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.

Ўзбекистонда 12 июнь соат 16:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 18 нафарга кўпайди ва 4837 нафарга етди. Янги қайд этилган беморларнинг 14 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган. Ҳозирда инфекция юқтириб олганларнинг 3700 нафари касалликдан соғайган. 15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.