Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларидаги қурилиш-таъмирлаш ишларида 15 мингдан ортиқ ишчи қатнашмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов маълум қилди.
«Ҳозирга қадар 15 468 ишчи ва 757 транспорт воситалари жалб этилган ҳолда 1814 уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда», — деди ФВВ вакили.
Унинг қўшимча қилишича, тошқиндан зарар кўрган аҳолининг банд бўлмаган 1 122 нафари ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши
юзага келганди. Сув тошқини оқибатида
4435 та хонадон талафот кўрган. Улардан 2390 таси яроқсиз ҳолга келган, 2045 таси эса таъмирталаб ҳолатда. Бош прокуратура Сардоба фалокати юзасидан жиноят иши бўйича 4 та тергов версиясини
кўриб чиқмоқда. Ҳозирда сув омбори иши бўйича икки киши
қамоққа олинган. Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида 37 та 1480 хонадонли; Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласида 20 та 800 хонадонли ва «Навбаҳор» маҳалласида 9 та 360 хонадонли кўп қаватли турар жой қурилиш ишлари
бошланган.
Изоҳ (0)