Карантин сабаб одатий ҳаёт тарзимиз буткул бошқа томонга ўзгарди. Иш, ўқиш сабаб улгуролмаслик, шошилиш тушунчалари комфорт зонага ўрнашиш, руҳий ҳолатдаги ўзгаришларга ўрин бўшатди. Лекин, бир нарсани ёдда тутиш керак: эртами-кечми вирус тугайди ва яна одатий ҳаёт тарзига қайтамиз, Уйда ортиқча зўриқишсиз, дангаса ҳаёт тарзидан яна ритмга қайтиш қийин бўлмаслиги, руҳиятга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун нима қилиш керак? Қуйида ушбу саволларга жавоб бериб ўтамиз.
Диққатингизни керакли нарсага қаратинг
Ўй-хаёллар инсон ўзини қандай ҳис қилишида муҳим рол ўйнайди. Ёқимсиз хабар, тахмин ва статистика ўқилганидан кейин ўша воқеа кўз олдимизга келади. Бунда воқеа реал бўладими ёки тўқима фарқи йўқ, мия стрессга қарши гармон, кортизол кейин бўлса адреналин ишлаб чиқаришни бошлайди. Адреналин миқдорининг ошиши хавотир ва ёмон кайфиятга сабабчи бўлади. Шу боис ўзингиз учун муҳим бўлган ва бўлмаган янгиликларни ажратиб олинг ва ишончли манбадан маълумотлар қидиринг.
Руҳий ҳолатингизга бефарқ бўлманг
Руҳий ҳолатингиз учун 10 дақиқа ажратинг: шовқиндан холи жойда қушлар сайраши, дарахт барглари шитирлашига қулоқ солинг. Агар бунинг иложи бўлмаса, интернетдан шундай мусиқа қўйиб, кўзларингизни юминг ва ҳеч нарса ҳақида ўйламанг. Ўзингизни бўш қўйинг, хавотир, асабийлашиш ва муаммоларни бироз вақтга унитинг. Ёмон фикр, хаёлларни миянгиздан чиқаринг, яхши нарсалар ҳақида ўйлашга, кўз олдингизга келтиришга ҳаракат қилинг. Сиз тасаввур қилган нарсалар мия учун реал бўлиб кўринади ва ўзингизни яхши ҳис қилишни бошлашингиз билан «бахт гармони» — серотанин ишга тушади. Натижада эса сиз ўзингизни сокин ва бахтли ҳис қиласиз.
Ишларингизни режалаштиринг
Уйда қолиш деганда диванда ястаниш, телевизор кўриш ва овқатланиш келади ҳаёлимизга, шунинг учун ҳам уйдан туриб ишлаш, спорт ёки хобби билан шуғулланиш кўпчилик учун мураккаблик қилади. Лекин ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб баҳо берилса, уйда қолиш таътилдагидек ҳордиқ чиқариш керак деган хулосани бермаслиги керак. Аксинча, тушкунликка тушиб қолмаслик, ривожланишдан тўхтамаслик учун ўз устида ишлаш, кунни режалаштириш керак. Сиз ухласангиз ҳам, фойдали иш қилсангиз ҳам умрингиз, кунларингиз ўтаверади. Қандай ҳаёт кечириш эса сизнинг танловингиз. 24 соатдан ҳеч бўлмаганда 4 соатини ўз устингизда ишлашга сарфланг. Жисмоний машқ бажаринг, китоб ўқинг, анчадан бери амалга ошира олмаётган ғояларингиз ҳақида бош қотиринг. Ҳаммаси — эртанги кунингиз, саломатлигингиз ўз қўлингизда эканини ёдда тутинг.
Изоҳ (0)