Американинг Top Rank промоутерлик компанияси бош директори Боб Арумнинг таъкидлашича, саккиз вазн тоифасида Жаҳон чемпиони Мэнни Пакьяо 2022 йилда Филиппинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига ўз номзодини қўймоқчи.
«Менимча, кичкина Мэнни Пакьяо президент бўлган биринчи боксчи бўлади. Унинг ўзи менга бу ҳақда айтиб берди.
Мен у билан Zoom иловаси орқали гаплашдим. У менга шундай деди: ‘Боб, мен 2022 йилги Филиппин президентлик сайловларида ўз номзодимни қўймоқчиман. Мен президент бўлганимда, инаугурация маросимида (қасамёд қабул қилиш) иштирок этишингни хоҳлайман’», — дейди Боб Арум.
Маълумот учун, Филиппиндаги президентлик сайловлари 2022 йилнинг 9 май санасида бўлиб ўтади. 41 ёшли Пакяо 2009 йилдан бери ўз мамлакатининг вакиллар палатаси аъзоси ҳисобланади.
У фаолияти давомида 71 та жанг ўтказиб, шулардан 62 (39 та нокаут) тасида ғалаба қозонган, 7 тасида мағлубиятга учраган бўлса, 2 маротаба муроса йўлини танлаган. У охирги жангини 2019 йилнинг ёзида америкалик Кит Турманга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига ғалабани қўлга киритган.
Изоҳ (0)