Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда 5 июнь, жума куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ аҳоли орасида қайд этилган 17 та ҳолат юзасидан ахборот берди. Қайд этишларича, ушбу касалланиш ҳолатларининг тўққизтаси Тошкент шаҳрида, тўрттаси Қашқадарё вилоятида, иккитаси Тошкент вилоятида, биттаси Наманган ва яна биттаси Бухоро вилоятида қайд этилган.

Тошкентнинг Олмазор туманида яшовчи нафақадаги фуқарода, Учтепа туманида жойлашган «Ўрикзор» бозоридаги яна бир дўкон сотувчиси ва унинг беш нафар оила аъзоси — онаси, икки нафар қизи, ўғли ва жиянида коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Ўтган май ойи давомида «Ўрикзор» бозорида юк ташувчи бўлиб ишлаган, шундан сўнг доимий яшаш манзили — Қашқадарё вилояти Чироқчи туманига қайтган фуқаро ва унинг уч нафар оила аъзоси — икки акаси ва қизида ҳам ушбу касаллик аниқланган.

Тошкент вилоятида инфекция аниқланган фуқароларнинг бир нафари Оққўрғон туманидан бўлиб, ҳарорати кўтарилган ва намуна топширган. Яна бир ҳолат эса Қибрай туманида яшовчи фуқарода қайд этилган — у «Юнусобод» бозорида зираворлар савдоси билан шуғулланиб келган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти ички ишлар ҳамда Бухоро вилояти Шофиркон туманида йўл қурилиш идораси ходими (тана ҳарорати кўтарилган ва шифокор маслаҳати асосида таҳлил топширган)да ҳам коронавирус тасдиқланган.

«Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 4064 нафарни ташкил этмоқда; беморларнинг 3247 нафари соғайган, 16 нафари вафот этган.

Маълумот учун, 6 июнь куни соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли орасида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 15 та ҳолат қайд этилди (бу кун давомида аниқланган 57 та коронавирус ҳолатларининг 21 фоизини ташкил этади). Жумладан, Тошкент шаҳрида олтита, Наманган вилоятида олтита, Хоразм вилоятида эса 3 та ҳолат аҳоли орасида аниқланган.