«Ўзбеккино» МА томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб беш қисмли «Сабр-у садоқат» номли сериал эфир юзини кўриш арафасида, деб хабар берди ЎзА.

Фото: «Ўзбеккино» МА

Киносериал жорий йилнинг 8—12 июнь кунлари республиканинг барча давлат ва нодавлат телеканаллари: «Ўзбекистон», «Болажон», «Ўзбекистон тарихи», «Оилавий», «Ёшлар», «Маҳалла», «Севимли », Zo‘r TV, MY5, «Миллий», «Uzbekistan-online.uz»да намойиш этилади.

«Сабр-у садоқат» «Ўзбеккино» МАнинг махсус лойиҳаси бўлиб, сериал ёзувчи ва унинг рафиқаси Саида Зуннунова ҳаётига бағишланади. Фильмда меҳр-муҳаббат, улкан бардош, кучли матонат, букилмас ирода, енгилмас ғурур ҳақида ҳикоя қилинади. Киносериал 1950—1955 йиллардаги реал воқеликларга асосланган. Режиссёр Ҳамидулла Бобоқулов «Сабр-у садоқат» телесериалини Нозим Аббосовнинг «Саид билан Саида» фильми асосида суратга олган.

«Ушбу махсус лойиҳа ҳаммамизга қадрдон ‘Саид билан Саида’ фильмига киритилмай қолган янги саҳналар билан бойитилди. Бу томошабинлар учун Саид Аҳмаднинг 100 йиллик тўйига ҳақиқий туҳфа бўлади. Буюк ёзувчи ҳақидаги сериални суратга олиш эса Нозим Аббосовнинг эзгу орзуси эди ва бу орзу эндиликда рўёбга чиқадиган бўлди»,  – дея таъкидланади «Ўзбеккино» ахборотида.

Фильмда бош ролларни анча пайтдан бери экранларда кўриниш бермаган актрисалар Дилноза Кубаева, Шодия Абдуқодирова, Шаҳло Темирова, Жамила Ғофуровалар ижро этган.

Фото: «Ўзбеккино» МА

«Саид Аҳмаднинг асарлари кириб бормаган уй, қалб бўлмаса керак. Ҳар бир ижодкор, китобни севишни билган ҳар инсон борки, Саид Аҳмад асарларини ўқимай катта бўлмаган. Айниқса, ёзувчининг песалари катта шон-шараф ва машҳурлик келтиргани барчамизга аён. Жумладан, улар ичида ‘Келинлар қўзғолони’ комедияси алоҳида ажралиб туради. Ушбу асар театрда, кинода ўз ўрнини топгандан сўнг Саид Аҳмад номини ўзбек адабиёти классик намоёндалари қаторига кўтарди, десак муболаға бўлмайди. Бинобарин ёзувчининг бу комедияси дунёнинг 14 та мамлакатида саҳналаштирилган. Ва ниҳоят бугун шундай унутилмас асарларни халқига мерос қолдирган адиб ҳақида, унинг ёрқин хотирасига бағишлаб «Сабр-у садоқат» фильми суратга олинди», — дейилади хабарда.

Фото: «Ўзбеккино» МА

«Адиблар хиёбонининг очилишида Президент томонидан классик асарларни ўрганиш, китоблар нашр этиш, ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фильмлар яратишнинг нечоғли аҳамиятли вазифа эканлигига алоҳида урғу берилди», – дея изоҳ беради «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати. «Сабр-у садоқат» эса юқоридаги фикрларнинг исботи сифатида катта экранларга чиқиш тараддудида. Томошабинлар эътиборига телесериал талқинида ҳавола этилаётган ушбу фильм кутилган натижани беришига умид қиламиз!

Фото: «Ўзбеккино» МА

Ушбу акция доирасида 8—12 июнь кунлари республика телеэкранларида Саид Аҳмад сценарийлари асосида суратга олинган «Келинлар қўзғолони», «Тўйлар муборак» ва «Муҳаббат можароси» фильмлари сифати яхшиланган ҳолатда томошабинлар эътиборига қайта тақдим этилади.