Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасининг «Чашма» ҳудудида 31 май куни юз берган зиддият оқибатида 187 киши тан жароҳати билан Сўх тумани марказий касалхонасига жойлаштирилган. Бу ҳақда Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

«Юзага келган жанжал натижасида туман марказий шифохонасида 187 нафар яраланган бемор даволанмоқда. Бугун санавиация хизмати орқали беморларнинг 15 нафари вилоят марказига юборилди», — дейилади туман ҳокимлиги ахборотида.

Қайд этишларича, бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни Сўхга келиши билан касалхонага бориб, беморлар ва жароҳатланганлар ҳолидан хабар олган. Оғир аҳволдаги яралаганларни вилоят марказий шифохоналарига етказиш учун санавиация хизмати сафарбар этилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 31 май куни юз берган «маҳаллий даражадаги ҳодиса» оқибатида икки томонда ҳам жабрланганлар борлигини маълум қилган эди.