Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида 31 май куни икки мамлакат чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги ҳодиса юз берган эди.

«Воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, ‘Чашма’ булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан», — дея хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар бор; ТИВнинг қўшимча қилишича, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, чегарадаги можародан сўнг 25 киши Айдеркен шаҳридаги касалхонага ётқизилган.

«Икки киши реанимацияда, улар операциядан кейинги аҳволи шифокорлар томонидан оғир деб баҳоланмоқда. Икки киши жарроҳлик бўлимига ётқизилган, аҳволи ўртача оғирликда», — дейилади қўшни мамлакат вазирлиги ахборотида.

Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар, можаро оқибатида етган зарар кўлами тўғрисида ҳозирча маълумотлар мавжуд эмас.