Аргентиналик ҳужумчиси Мауро Икарди ПСЖ жамоасида қоладиган бўлди. Бу ҳақда парижликлар расмий сайти маълум қилди.
Томонлар 2024 йилнинг 30 июнига қадар амал қиладиган шартнома имзолаган.
Хабарларга кўра, ПСЖ Икарди трансфери учун «Интер»га 50 миллион евро тўлайди. Шунингдек, 8 миллион евро миқдорида бонус пуллари ҳам назарда тутилган. Футболчининг ўзи Париж клубида йилига бонуслардан ташқари 8 миллион евро маош олади.
ПСЖ Икардини 2019 йилнинг ёзида «Интер»дан сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олганди. Жорий мавсум Мауро ПСЖ сафида 31 ўйин ўтказиб, 20 гол ва тўртта самарали узатма муаллифига айланди.
Аргентиналик юлдуз 2013 йилдан буён «Интер»да тўп суриб келарди. У миланликлар сафида 188 ўйинда қатнашиб, уларда 111 гол урган. 2019 йилнинг ёзида «Интер» бошқарувига келган Антонио Конте Икарди билан бирга ишлаш нияти йўқлигини билдирган ва ҳужумчи ПСЖ сафига келиб қўшилганди.
Коронавирус пандемияси сабаб Франция чемпионатининг жорий мавсуми муддатидан аввал якунланди ва унда ПСЖ чемпионликни қўлга киритди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)