1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан фарзандидан ҳеч нарсани аямайдиган, баъзан уларни ҳаддан зиёд эркалатиб юборадиган машҳурлар ҳақида маълумот берамиз.

Шаҳзода Жорж

Фото: W Magazine

Фото: Reuters

Британия қироллигининг фахри, ёқимтой шаҳзода Жорж, юзидан табассум аримаслиги ва ҳамиша аъло кайфиятда бўлиши билан каттаю кичикнинг меҳрини қозонган. Оила аъзоларини-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Жоржнинг бувиси Кэрол Миддлтон байрамлардан бирида набирасига дунёдаги энг қимматбаҳо ўйинчоқлардан бирини: тебранадиган зебра совға қилган. Stevenson Brothers фирмасига қарашли мазкур ўйинчоқ учун 5742 доллар сарфланган. Бу сумма шаҳзода Чарльз томонидан тақдим қилинган 22 минг доллар фургонли уйча олдида ҳеч нарса эмас.

Блю Айви Картер

Фото: Getty Images

Блюнинг ота-онаси хонанда Жей-Зи ва Бейонсе қизининг оғзидан чиққанини муҳайё қилади. Қизалоқ бир ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган тантана учун юлдузли жуфтлик 200 минг доллар тўлаган. Блюнинг ўйинчоқ ва буюмлари нафақат ўзига хослиги, балки нархи​ билан ҳам кишини лол қолдиради. Swarowski тошлари билан ясатилган ванна, нархи 80 минг доллар бўлган бриллиант Barbie бунга яққол мисол.

Ҳарпер Севен Бекҳэм

Фото: Getty Images

Футболчи Дэвид Бекҳэм ва унинг турмуш ўртоғи Виктория қизалоғи Ҳарперни керагидан ортиқ талтайтиради. У болалигидан мода намойишларида иштирок этиши етмагандек, туғилган кунини қироллик саройида нишонлашга ҳам улгурган. Бекҳэмнинг ўғилларидан ҳам кўра қизига бўлган меҳри бўлакча. У қизи учун таниқли рассом Дэмиен Ҳерст томонидан чизилган, нархи 600 минг долларлик юрак суратини совға қилган. «Отасининг қизи​» деб номланган сурат Ҳарнер хонасининг деворини безаб туради.