Антивакцина тарафдорлари ва коронавирусга қарши бўлажак вакцина ҳақидаги турли сохта маълумотлар аҳолининг вакцинага бўлган муносабатига ҳам, соғлиқни сақлаш тизимига бўлган муносабатига ҳам путур етказади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович маълум қилди.
«Тадқиқот ўтказиш ва аҳолини нима ташвишга солаётганини тушуниш жуда муҳимдир», — деган у Россия Фанлар академиясининг «COVID-19 вакциналари: прогнозлар ва ҳақиқат» мавзусида ўтказилган онлайн йиғилишида.
Мелита Вуйновичнинг айтишича, «марказдан келадиган нарсаларга» қарши туриш урфда бўлгани учун вакцинацияга қарши бўлганларнинг ҳаракати тобора ортиб бормоқда.
«Биргина тиббий тизимининг ўзи бунга қарши тура олмайди. ЖССТ рус тилидаги сайтини ишга туширган эди. Мен у ерда вакцина одамни ўлдириши ва зарар етказиши ҳақида ёзилган гапларни ўқиб ҳар гал хафа бўлиб кетаман. Барчамизга маълумки, вакцина аслида болалар ҳаётини сақлаб қолишга, умримизни узайтиришга, ногиронликни камайтиришга ёрдам берадиган соғлиқни сақлаш бўйича энг асосий чорадир», — деган у.
Шунингдек, аҳолини вакцинация масаласида нима кўпроқ хавотирга солаётганини айтишларига имконият бериш учун турли соҳа мутахассисларини жалб этиш лозимлигини таъкидлаган.
Аввалроқ Мелита Вуйнович дунёда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини бошланишидан огоҳлантирганди.
Изоҳ (0)