Россияликларнинг учдан бир қисми (32,9 фоизи) коронавирус пандемиясини уйдирма ёки инсониятга зарарсиз деб ҳисобламоқда. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда Иқтисодиёт олий мактабининг Эксперт ва таҳлил ишлари бўйича дирекцияси томонидан ўтказилган сўровнома натижаларидан маълум бўлган.
Онлайн-сўровнома бир вақтнинг ўзида бир неча сайтларда 18 мартдан бошлаб 26 майгача 5 та босқичда ўтказилган. Унда Россиянинг турли бурчакларида яшовчи 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 30 мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этган.
Сўровномага кўра, унда иштирок этганларнинг 23,2 фоизи COVID-19 пандемиясини ундан манфатдор шахсларнинг уйдирмаси, деган фикрда. Иштирокчиларнинг яна 9,6 фоизи вируснинг хавфлилик даражаси бўрттирилган, деб ҳисобламоқда.
Қайд этилишича, эпидемияга ишонмайдиганларнинг 43 фоизи қариндошларини йўқлашда давом этмоқда, яна 54 фоизи сайрга чиқишда давом этаётганини билдирган. Сўровномада қатнашганларнинг 74,22 фоизи ўзини изоляция қилиш режимини жорий этишга зарурат йўқ эди, деган фикрда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда коронавирусга чалинганлар сони 380 минг кишига яқинлашган. Касаллик оқибатида 4 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Изоҳ (0)