Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган Денов шаҳридаги Амир Темур ҳайкалига оид масалани Денов шаҳар ҳокими, архитектура ва қурилиш бошқармаси раҳбари билан ўрганди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Денов тумани ҳокимлиги

Таъкидланишича, фуқароларнинг асосли ва ўринли таклифларини инобатга олган ҳолда ушбу ҳайкални қайта кўриб чиқиш бўйича мутасадди раҳбарларга кўрсатмалар берилди.

«Буюк Соҳибқирон сиймосини гавдалантиришда барча жиҳатларга аҳамият қаратиб, кичик бир деталларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Чунки бобомиз Амир Темур шахсини нафақат биз, балки бутун дунё аҳли яхши билади ва ардоқлайди. Шундай экан унинг сиймосини яратишда хато қилишга ҳаққимиз йўқ», – дейди Сайфуллаев.

Аввалроқ Денов ҳокимлиги ҳам ушбу ҳайкал борасида интернетда тарқалган гап-сўзларга муносабат билдириб, Амир Темур  қўлидаги уч ҳалқа бириктирилган ҳассани ясашда унинг саройида хизмат қилган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ, Самарқандга испан элчиси сифатида келган Руи Гонзалес де Клавихо томонида келтирилган маълумотларда ва бошқа илмий рисолаларга таянилганини маълум қилганди.