Тошкентда жойлашган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Адиблар хиёбонини барпо этиш учун 175,6 миллиард сўм ажратилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат харидлари порталига таяниб, «Anhor.uz» хабар берди.
Таъкидланишича, пудратчи — Президент аппарати Ишлар бошқармасининг Қурилиш бирлашмаси.
Эслатиб ўтамиз, Адиблар хиёбони 20 май куни очилган эди. Бу борадаги режа Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 3 февраль куни мазкур боғга ташриф чоғида бегиланган. Ўша йили 18 апрелда давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Маълумотларга кўра, ўтган вақт мобайнида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилган.
Адиблар хиёбонини ғоявий-бадиий жиҳатдан янада бойитиш мақсадида Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Иброҳим Юсупов, Александр Файнберг сингари атоқли намояндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ўрнатилган. Шунингдек, хиёбон ичидан Тошкент шаҳри музейи ўрин олган.
Изоҳ (0)