Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ Душанбега яна бир инсонпарварлик ёрдами юборилди, деб хабар берди Asia-Plus.
Таъкидланишича, бу сафар 24 тонналик юк дори-дармонлардан, асосан, антибиотиклардан иборат.
«Ўзбекистон ҳукумати томонидан Душанбега тақдим этилган ёрдам шаҳар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармасига берилди», — дея таъкидланади хабарда.
Маълумотларга кўра, Душанбе ҳокими Рустам Эмомали тегишли шаҳар тузилмаларига коронавирус билан касалланганларни даволаш учун олинган дори-дармонлар мақсадга мувофиқ ишлатилишини қатъий назоратга олиш ҳақида топшириқ берган.
Шунингдек, ёрдам сифатида олинган барча дори-дармон Ўзбекистон—Буюк Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган.
Аввалроқ Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Қирғизистонга иккинчи марта ёрдам жўнатгани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, дунёда коронавирус тарқалишига қарши кураш бошланганидан буён Ўзбекистон Хитой, Эрон, Афғонистон, Қирғизистон, Беларусь, Озарбайжон, Венгрия, Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Ўз навбатида Ўзбекистон мазкур пандемияга қарши курашиш учун Хитой, БАА ва АҚШдан ёрдам олди.
Изоҳ (0)