«Ўзбекистон темир йўллари» ижтимоий тармоқлардаги пойтахтда ер усти метроси эстакадаси устунлари яқинида ер ўпирилгани акс этган фотосуратлар бўйича изоҳ берди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ

Компаниянинг Капитал қурилиш дирекцияси мазкур ҳолатни ўрганган ва ҳодисага тупроқ ўпирилишига диаметри 1200 миллиметр бўлган сув қувури устига ўрнатилган ҳимояловчи П шаклидаги бетон плитанинг синиши сабаб бўлганини аниқланган.

Тошкент «Сувсоз» ДУК вакилларининг сўзларига кўра, сув қувури конструкцияси шикастланмаган ва сув сизиб чиқиши содир бўлмаган. Эҳтимолларга кўра, йўл қопламаси ва бетон плита оммавий ташқи босим (кўп тоннали юк машиналари)га дош бера олмаган. Ҳодиса сабаблари тегишли хизматлар томонидан ўрганилмоқда.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ

«Фуқароларнинг ҳодиса қурилиш олиб борилаётган ҳалқа метро тармоғига таъсир кўрсатиши ҳақида хавотирга тушишига асос йўқ. Ҳодиса жойи билан қурилаётган ер усти эстакадаси таянч устунлари ўртасида 10 метр масофа бўлиб, мутахассисларнинг сўзларига кўра, объектга хавф туғдирмайди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 18 декабрида Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилишида авария содир бўлганди. Содир бўлган фожиа оқибатида олти нафар қурувчи ҳалок бўлган. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очган, айбдорлар кўпи билан 5 йилгача қамалиши мумкинлиги маълум қилинганди.