«Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида ваколатхонасини очиш тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонасини очиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Ваколатхонани ташкил этиш, жиҳозлаш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Кейинчалик ушбу маблағлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон ТИВ билан ҳамкорликда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркиядаги ваколатхонаси молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириши учун алоҳида ҳисоб-рақам очиш масаласини ҳал қилади. Бир ҳафта муддатда ваколатхонанинг ташкилий тузилмаси ҳамда штатлар жадвали тасдиқланади.
Ваколатхонанинг тегишли лавозимларига мутахассисларни ишга қабул қилиш ТИВ билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
ТИВ, шунингдек, ваколатхона ходимлари ўз фаолияти давомида Ўзбекистон қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифа ва ваколатларни белгиланган тартибда амалга оширишлари учун тегишли давлатлар ҳудудида дипломатик мақомга эга ходимлар сифатида аккредитациядан ўтишини таъминлайди.
Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 4 июнга қадар давом этади.
Изоҳ (0)