2020 йил бутун дунёга коронавирус пандемиясининг ёйилиши билан бошланди. Вируснинг глобал миқёсда тарқалиши ҳар бир давлатни чегараларни ёпиш, чет элдан қайтган юртдошларни карантинга олиш ва ҳаракатларни чеклаш, ижтимоий оралиқ сақлаш каби кескин чоралар кўришга ундади. «Дарё» таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори, тарих фанлари номзоди Фарҳод Мақсудовнинг пандемиядан кейинги дунёга бағишланган мақоласини ҳавола этади.

Фото: Google Photos

2020 йил бутун дунёга коронавирус пандемиясининг ёйилиши билан бошланди. COVID-19 деб аталган бу инфекция 2003 йилда эпидемияси кузатилган ЎРВИ (Ўткир респиратор вирусли инфекция) билан солиштирилганда, инсонлар ўртасида ўта тез ёйилиш хусусиятига эгалиги билан ажралиб туради. Вируснинг бу хусусияти дунё кўламида яққол кўзга ташлангач, давлатлар ўз ҳудудларида чегараларни ёпиш, чет элдан қайтган юртдошларни карантинга олиш ва ҳаракатларни чеклаш ҳамда ижтимоий оралиқ сақлаш каби кескин чораларни кўришга киришди.

Бироқ дунё бўйича пандемия тиббий статистикасининг таҳлилига кўра, бу юқумли касалликнинг қаршисида на сиёсий, на маданий ва на идеологик тўсиқлар фойда бермади. Давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси эса қайтага бу давлатлардаги аҳолининг пандемия билан юзлашганда улкан хавф остида қолишини кўрсатди. Биология устун келди ва коронавирус ҳамма ерга ёйилди.

Шу билан бирга, пандемиянинг алоҳида давлатлар кўламида кечишида унинг аста-секинлик билан бошланиши, бирданига авжига чиқиши ва чекиниши каби босқичларга эга бўлишидек қизиқ бир хусусият ҳам кузатилмоқда. Чекиниш босқичига ўтган қатъий чоралар кўрган саноқли давлатларда ҳаёт эски изига қайтаётгани бутун жаҳон аҳолисига умид бағишлаб, тушкунликка тушмай курашда давом этишига ундамоқда.

Аҳолининг кенг қатлами учун бу курашдаги қурол эса  ижтимоий оралиқ сақлаш бўлиб, аҳоли орасида жисмоний контактларни чеклашдан иборатлиги англашилмоқда. Бугунги кунда оила бўлиб ўз-ўзини «ёлғизлатиш» ижтимоий жиҳатдан кескин чора бўлишига қарамай, вақтинча хусусиятга эга ижобий тадбирдир. Бу тадбирни қўллаб, оилани асраш ва шу орқали инқироз чоғида жамиятга фойда келтириш бугунги кунда ҳатто қаҳрамонлик саналмоқда.

Барчамиз англаб турганимиздек, яқин орада бир кун келиб кишилик коронавируснинг ҳамласини енгади, пандемия одимлари секинлашади ва жамият яратиладиган вакцина кўмагида ижтимоий оралиқ сақлашдан чиқиб, одатий турмуш тарзига қайтади. Бироқ ўша яқин келажакда жамият сифатида барча эски сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий турмуш тарзимиз сақланиб қоладими? Ёки ўшанда биз бутун борлиққа, ҳаётга, иқтисодиёт ва сиёсатга бошқача қарай бошлаймизми?

Одатда, бир инсон ҳаётида «шок»ка туширадиган кескин қайғули ҳодисалар содир бўлганидан сўнг унинг теваракдаги барча нарсага ўзгача қараб, турмуш тарзини, тушунчаларини, ижтимоий муносабатларини сўроққа тутиши кузатилади. Инсон жамиятнинг бир парчаси бўлгани, пандемия эса жамият юзлашаётган худди шундай инқироз бўлгани учун жамиятнинг ҳам бундан сўнгги ўз турмушига муносабати ўзгарадими? Жамият эски ҳаётга қайтишни танлайдими ёки турмуш тарзини ўзгартиришни истайдими? Бу саволларга жавоб бериш учун карантин давридаги хулосаларимиздан келиб чиқайлик.

Фото: Google Photos

Бугун жаҳондаги барча давлатларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беш миллиондан ортиқ киши аниқланган бўлиб, улардан 325 минг кишида афсуски ўлим ҳолати қайд этилмоқда. Буларнинг минимал рақамлар эканини унутмаслик керак, чунки инфекцияни юқтирганларнинг сони текширилганлар сони билан чекланмоқда. Коронавирус қаршисида таҳлика остида қолган аҳоли қатлами иммунитети сустлашганлар бўлиб, бу факт инфекцияга қарши курашда ҳукуматларга йўл кўрсаткич вазифасини бажармоқда.

Эндиликда асосий масала инфекциянинг давлатлар кесимида ёйилиш тезлигини секинлаштириш, иложи борича тарқалиш географиясини тор доирада ушлаб туриш (локализация қилиш) ва шунингдек, тиббиёт секторига бирданига тушадиган юкини озайтиришдан, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсири оқибатларини юмшатишдан иборат бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат жамият ҳаётида ривожланган тиббиёт тизимининг устувор аҳамиятга эга эканини яна бир бор эслатмоқда.

Пандемия тугаса ҳам тиббиётни ривожлантириш масаласи ва аҳолининг тиббиёт ходимларига муносабати энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолиши керак. Оммавий тус оладиган касалликларнинг олдини олиш, вирусология ва эпидемиология каби соҳалардаги илмий тадқиқотларга, шунингдек, эпидемик вазиятларда таҳлика остида қоладиган аҳоли қатламларига алоҳида эътибор бериш механизмлари ишлаб чиқилиши, умуман, тиббиёт тизимининг давлат томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланиши, балки тубдан ислоҳ қилиниши каби стратегиялар дунёнинг кўплаб давлатларида амалга оширилиши мантиқли кўринмоқда.

Инфекциянинг дунё бўйлаб бунчалик тез ва кенг ёйилиши эса бугунги кунда чуқурлашиб, Ер куррасининг барча нуқталарига етиб борган глобаллашув чоғида яшаётганимизни яна бир бор кўрсатмоқда. Бугун эркин ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлига ўтган жамиятлар ўртасида турли йўналишларда жипс алоқа тармоғи юзага келган бўлиб, жаҳон бир бутун «тирик» организмни эслатмоқда. Турли давлатлардаги жамиятлар бир-бири билан нафақат виртуал тармоқ орқали, балки юзма-юз, жисмоний контактлар билан яқин муносабатда эканининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Эркин бозор иқтисодиёти ривожининг асосий омили бўлган очиқлик стратегияси туфайли аксарият давлатлар интенсив глобаллашув жараёнига тортилган. Бу ҳолат эса пандемия шароитида жаҳон иқтисодиётини «фалаж» қилиб қўйганини кузатмоқдамиз. Нафақат йирик бизнес, балки эркин бозор иқтисодиётининг «драйвери» саналган кичик ва ўрта бизнес оммавий карантинда дунё кўламида турғунлик ҳолига тушгани, бундай шароитга мослашмагани ва кўплаб субъектларнинг кунлик даромадга таяниб кун кечиргани глобал муаммо тусини олмоқда.

Пандемия шароитида энг кўп муаммолар билан юзлашган сектор туризмдир. Шу билан бирга, Жаҳон туризм ташкилотининг таҳлилига кўра, инқироздан чиқишда туризмнинг аҳамияти катта бўлиши кутилмоқда. Меҳнат миграциясига яқин ўтмишда мисли кўрилмаган турғунлик олиб келган бу чуқур ижтимоий-иқтисодий инқироз ҳолатидан қанча эрта чиқилса, шунча ютуқ бўлиши айрим сиёсатчи ва иқтисодчилар томонидан маълум қилинмоқда. Бугунги кунда ҳукуматларнинг диққат-эътибори инқироз оқибатларини юмшатишга, кичик ва ўрта бизнесни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда, келгусида эса бу каби инқирозлар қаршисида осонликча тушкунликка тушмайдиган иқтисодий ривожланиш бўйича махсус чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиши кутилади.

Фото: Google Photos

Коронавирус пандемиясининг чекиниш босқичига ўтиши билан давлатлар тўхтаб қолган иқтисодиёт «қўзғатгичларини» ҳар он қайта ишга тушириш ва жамият турмушини эски изига солишга шай турипти. Бироқ ҳануз вирусга қарши эмлаш вакцинасининг яратилиб, кенг кўламда ишлаб чиқилмагани учун инфекцияни юқтирмаганларнинг таҳлика остида ҳали ҳам қолаётгани ижтимоий оралиқ сақлашдан «чиқиш»нинг бирданига амалга оширила олмаслигини кўрсатмоқда. Демак, иқтисодий инқироздан чиқиш ҳам бирмунча вақт олади. Бу ҳолат эса ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли қатламлари билан бирга давлатлар бюджетини ҳам хавф остида қолдириши аниқ.

Бугун уяли телефон ва интернет турмушимизнинг ажралмас бўлаги экани ва эндиликда бу алоқа воситаларисиз ҳаётни тасаввур қилолмаслигимизни яна бир бор тушуниб етдик. Кишилик цивилизацияси тараққиётининг асосий сабаби инсоннинг юқори даражада социал табиатга эгалигидир. Инсон ўзи яшаб турган жамият аъзолари билан алоқа қилмай, ўша жамият аъзоси бўла олмайди, унинг инсон бўлиб шаклланишидаги асосий омил — ижтимоий алоқа, шунинг учун жисмоний контакт чекланган вазиятда рақамли алоқа инфратузилмасининг аҳамияти ошгани кузатилмоқда. Ижтимоий оралиқ сақлаш кунларида айнан шу инфратузилма орқали яқинларимиз, касбдошларимиз, мижозларимиз ва умуман, фикрдошларимиз билан муносабатларимизни давом эттира олмоқдамиз.

Уяли алоқа ва интернет билан олдин «иши бўлмаганлар» бугунги кунларда бу секторнинг мижозига айланди. Бугун Ўзбекистондаги энг чекка ҳудудлардаги аҳолининг ҳам пандемия билан боғлиқ жаҳон бўйлаб энг сўнгги статистикасидан, халқаро сиёсий ва маданий ҳодисалардан кунлик режимда хабардор бўлганини кўриб турибмиз. Рақамли алоқа кўплаб қулайликларни таклиф қилгани учун ундан фойдаланганлар осонликча воз кечолмайди. Шунинг учун эндиликда жамиятнинг «рақамлашиш» йўлида янада чуқурлашиши ва бу секторнинг янада ривожланиши кутилади. Натижада эса бу ҳолат кенг аҳоли қатламининг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаолроқ қатнашишига олиб келади.

Бугунги кунда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий янгиликларни ўз вақтида ва тўғри етказадиган ОАВ тизимининг ўрни юксаклигига яна бир бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Коронавирус ҳамласи пандемик тус олгани эълон қилинган кундан бошлаб барча давлатларнинг ҳукуматлари ОАВ ва аҳолини чалғитувчи, ёлғон хабар тарқатмасликка чақириб, бунга қарши кескин чоралар кўрилиши билан огоҳлантирди. Бунинг сабаби, текширилмаган хабарларнинг ёйилиши пандемиядан-да қўрқинчлироқ саналган «оммавий ваҳима» социал феноменини келтириб чиқариши эҳтимолидир.

Оммавий ваҳима аҳолининг хабарларга ноадекват реакцияси туфайли «занжирли» тус олиб, айрим гуруҳларнинг иррационал, мантиқсиз ҳаракат қилишига олиб келишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буни айрим давлатларда карантин эълон қилинганда бозор ва дўконлардан озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситаларининг ортиқча миқдорда ёппасига сотиб олинишида, бунинг орқасидан турли жанжаллар келиб чиқишида кўрдик. Натижада нохуш ҳолатлар юзага келиб, ижтимоий ҳимояланмаган кекса ёшлилар, болалар ва аёллар зарар кўрди, сохта хабар тарқатганларга эса кескин чоралар кўрилди.

Фото: Google Photos

Барчамиз бугун глобал кўламда кечаётган бир тарихий воқеликнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу билан бирга, бу бир ҳодиса тўғрисида турли хабар манбаларидан турлича талқинларни кўряпмиз: «коронавирус унчалик хавфлимас», «карантин ечим эмас», «тез ўтиб кетади, узоқ давом этади», «карантин лабораторияда сунъий яратилган, табиий ривожланган...». Кўзимиз ўнгида бунча фарқли талқинлар! Қай бирига ишониш керак, қай бирини четга суриб қўйиш? Айнан бугун ОАВ ва шахслар рақамли ва жисмоний муҳитда тарқатаётган ҳар бир хабари учун жавобгар бўлгани инқироз кунларида кўзга ташланди. Инқироз вазиятларида оммага тўғри хабар етказишда давлатнинг ва «ишончли» хабар агентликларининг етакчи ўрин эгаллаши муҳим экани тушунилди.

Ўзбекистонда пандемия статистикасини ўз вақтида текширилган маълумотлар билан аҳолига етказиб бериш учун тезкорлик билан бир неча расмий хабар манбасининг тузилиши оммавий ваҳиманинг олдини олишда муҳим ўрин эгаллади. Шу билан бирга, шахсларнинг хабар манбаларига синчковлик билан қараши ва ишончлилигини текшириши каби бир ҳолат юзага келди. Ижтимоий тармоқларда кўпайиб кетган шубҳали сайтларнинг тарқатаётган хабарларига энди танқидий ёндашув сезилмоқда. Ривожланган давлатлардаги жамиятлар бу борада кўникмага эга бўлса-да, биз учун бу ҳам бир янгилик бўлди. Бу ҳолат келгусида шахсларнинг жамият ҳаёти билан боғлиқ ишончли ва тезкор хабарларга талабчанлигини оширади.

Карантин чоғида ўрта ва олий ўқув юртларида таълим ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларда иш юритиш жараёнларининг интернет муҳитида, онлайн тарзда давом этилганини кўрмоқдамиз. Юқумли кассалик тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган «телетаълим» ва «телеиш» тизими ўзининг юқори даражада хавфсизлигини ва шу билан бирга, эффективлигини кўрсатмоқда. Пандемия бўлмасидан олдин ҳам йирик шаҳарларимизда кундан кунга ортиб бораётган автомобиллар сони кўплаб нохуш ҳолатларни келтириб чиқарганини ҳаммамиз биламиз.

Тиғиз соатларда автомобиль ҳаракати келтириб чиқарган тиқилинчлик юзасидан вақтни йўқотиш, оилавий иқтисодиётга зарба ураётган кунда қатнашга маблағ сарфлаш, айрим ҳолларда ўқувчилар иштирокида транспорт ҳодисаларининг содир этилиши, углерод ёқилғи сарфланиши юзасидан ҳавонинг кирланиши ва бунинг глобал иқлим ўзгаришига салбий ҳисса қўшиши, шаҳарлардаги йўлларнинг сурункали кенгайишидан ер юзасининг борган сари фақат асфалт билан қопланиб бориши ва бунинг таъсирида табиатга катта зарар етказилиши  ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам экологик муаммолардир. Оммавий карантин бу муаммоларнинг айримларини иш ва таълимни қисман бўлса-да онлайн тарзга ўтказиш билан ечилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу йўналишда эндигина илк одимлар отилганига қарамай, давлатнинг карантиндан унумли фойдалана олгани кўзга ташланмоқда.

Бугун онлайн тарздаги таълим ва иш юритиш тизимида айрим нуқсонлар аниқланган бўлса-да, уларни бартараф этиш кўп вақт олмайди, чунки бизнинг бу борада e-davlat каби онлайн тизимда бошқариш кўникмамиз бор. Онлайн тарзда ўқувчиларнинг ўқишга ва ходимларнинг ишлашга жавобгарлик билан ёндашувини, уларнинг объектив текширилиши ва баҳоланишини таъминлайдиган механизмлар ишлаб чиқилса, бундай тизим ўз эффективлигини тез орада кўрсатиши аниқ. Табиийки, бу тизимда социаллашув мақсадида даврий тарзда, масалан, ҳафтада бир-икки марта юзма-юз учрашувларнинг амалга оширилиши кўзда тутилиши фойдали бўлади.

Дунё кўламида онлайн таълим ва иш юритиш тизимига карантин туфайли қўлга киритилган янги ижтимоий кашфиёт сифатида қаралиши Ўзбекистонда ҳам карантиндан сўнг бу тизимнинг давом эттирилишига олиб келса керак. Онлайн тизимнинг тараққий этиши натижасида унга халқ хўжалигининг бошқа соҳалари ҳам жалб этилиб боради, булар ичида биринчилар қаторида кенгайишни бошлаган онлайн савдо-сотиқ, банкчилик ва тиббиётдир.

Пандемия аҳолининг ижтимоий-психологик феъл-атворига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймаса керак. Карантин пайтида иложсизликдан ёлғиз қолган ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаганлар эса ечим топишга уринади. Аҳолига хизмат секторида фаолият юритган ва мижозлари билан юзма-юз контакт қилган ҳолда кундалик даромадини қўлга киритадиган кичик тадбиркорлар ҳам ўз хизматларини «уйга етказиш» режимига ўтказишга ҳаракат қилади. Илмий тадқиқотчилар ҳам қисман бўлса-да анжуманларга масофадан қатнашиш режимига ўтиши тахмин қилиниши мумкин.

Бугун барча давлатлар коронавирусга қарши нафақат ўз ҳудудида, балки бир-бирига кўмак берган ҳолда курашмоқда. Чунки бирорта давлат ёлғиз ҳолда уни енга олмаслигини тушунди. Пандемия глобал кўламда кечаётгани учун уни енгиш учун глобал ҳамкорлик қилиш керак. Бир кун келиб пандемиядан қутуламиз. Бироқ ўшанда уйларимиздан чиқиб келганимизда қандай тушунчалар билан турмушимизни қайта тиклашимизга кўп нарса боғлиқ. Бир гуруҳ экспертлар пандемия жаҳон тизимини янги босқичга чиқаришга туртки беришини умид қилаётган бўлса, иккинчиси  узоқ йиллар давом этадиган чуқур инқирозга ботириб кетиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бугун қилган қароримиз эртанги кунимизни белгилаб беради. Танлаш эса ўз қўлимизда.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.