Хоразм вилоятида 2 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор 20 май куни тузалиб, реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ.

Хоразм вилоятида тузалиб чиққанларнинг бири 49 ёшли эркак бўлиб, Россиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Иккинчиси эса 39 ёшли эркак бўлиб, касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган.

Вилоятда шу пайтга қадар 228 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 230 нафарга етди. Шундай қилиб, ҳозирда Хоразмда 3 нафар бемор даволанмоқда.

Сурхондарё вилоятида тузалиб чиққан 33 ёшли эркак касалликни коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда юқтириб олган. Таъкидланишича, у ҳозирча вилоятдаги охирги бемор бўлиб, ушбу ҳудудда жами 43 нафар бемор коронавирус инфекциясидан тузалди.

Шундай қилиб, Сурхондарё вилояти ҳам Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан сўнг COVID-19’дан ҳоли ҳудудлар сафига қўшилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганларнинг умумий сони 2369 нафарга етди. Касалланганларнинг умумий сони эса 20 май соат 16:30 ҳолатига кўра 2927 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланганидан бери 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.