Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 62-сонли оилавий поликлиника Beeline компаниясининг карантиндаги ходими мазкур поликлиникага ташриф буюргани сабабли карантинга ёпилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков 18 май куни ўтказилган брифингда маълум қилди.
«Учтепа туманидаги 62-сонли оилавий поликлиника Beeline компаниясида ишлайдиган карантиндаги ходим поликлиникага келгани сабабли ёпилган», — деб маълум қилди Нурмат Отабеков.
Хабар берилишича, ўша куни сменада бўлган 11 нафар шифокор Юқори Чирчиқ тумани ва Ўртасарой аҳоли яшаш пунктидаги карантин зонасига юборилган. Қолган ходимлар уй шароитида карантинга олинган.
Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, ҳозирча 62-сонли оилавий поликлиниканинг карантинга олинган ходимларининг бирортасида ҳам коронавирус аниқланмаган, улар фақатгина Beeline ходими билан мулоқотда бўлгани сабабли 14 кун давомида карантин шароитида тиббий назорат остида бўлади.
Аввалроқ Beeline компаниясининг 91 нафар ходими карантинга олингани ва унинг сабаби маълум қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус қайд этилганидан буён Тошкент шаҳридаги бир қатор тиббиёт муассасалари карантинга ёпилди. Улар қаторидан Республика перинатал маркази, 17-шаҳар клиник шифохонаси ва 8-оилавий поликлиника, 6-сонли туғруқхона ўрин олган.
Изоҳ (0)