COVID-19 коронавирусини юқтириш билан кечадиган касаллик вақт ўтган сари йўқолиб кетмай инсоният ҳар куни тўқнаш келиши мумкин бўлган яна бир касалликка айланиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар дастури раҳбари Майк Райаннинг сўзларига асосланиб, «Korrespondent.net» хабар берди.
«Ушбу вирус инсоният ҳар куни дуч келиши мумкин бўлган вирусга айланиб, қолиб кетиши мумкин. Масалан, ОИВ бизни тарк этмади», — дейди Райан.
«Мен бу иккала касалликни таққосламаяпман. Бироқ ўйлашимча, вазиятга реал баҳо бериш керак. Бу касаллик йўқ бўлади, қачон йўқ бўлади, деган саволларга ҳеч ким жавоб бера олмайди», — дейди сўзларини давом эттирган Райан.
Унинг сўзларига кўра вакцина яратилиши инсониятга умид бахш этади. Бироқ бунда вакцинани ҳамма инсонлар сотиб олиши мумкин бўлиши ва унинг самарадорлиги каби шартлар бажарилиши керак.
Ўз навбатида ЖССТнинг яна бир вакили Мария Ван Керкховенинг айтишича, қийинчиликларга қарамасдан «касаллик янада кенг тарқалишининг олдини олиш ўз қўлимизда».
«Бир нечта давлатлар касаллик тарқалишини назорат остига олишга муваффақ бўлди», — дейди Мария.
Изоҳ (0)