АҚШнинг Калифорния штати Сан-Диего шаҳрида яшовчи эркак супермаркетга «Ку-клукс-клан» қалпоғида келди, деб ёзади Esquire.
Эркакни супермаркетдаги бошқа одамлар видеога олди ва интернетда тарқатди. У ҳатто телеканаллар назарига ҳам тушди. Шундан кейин эркак билан полиция қизиқиб қолди.
Маълумот учун, «Ку-клукс-клан» АҚШда 1860 йилда ташкил этилган террорчилик ташкилоти ҳисобланади.
Ташкилот оқ танли миллатчиларнинг қора танлилар устидан миллатчилик ғояларини қўллаб-қувватлаган. Террорчилик ташкилоти аъзолари узун оқ плаш ва кўз учун тешиклари бўлган оқ қалпоқ кийиб юрган. Ташкилот томонидан турли ҳисоб-китобларга кўра, 100 минг киши, асосан, қора танлилар ўлдирилган.
Супермаркет ходимлари эркакдан қалпоқни ечишни сўраган, лекин у ечмаган.
Округ шерифи департаменти ҳам эркакни жазоламасликка қарор қилди. Сабаби Калифорния қонунчилигига кўра, фуқароларга исталган турдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланган.
Бироқ департамент ходимлари бу воқеадан сўнг одамларга қандай ниқоб тутиш мумкин, қандай воситадан фойдаланиш эса мумкин эмаслигини қатъий белгилаб қўйишни режалаштирмоқда.
Эркакнинг ўзи эса у шунчаки вирусдан ҳимояланиш мақсадида қалпоқни кийганини айтган.
Изоҳ (0)