Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков коронавирусга чалинган ва у айни пайтда касалхонада даволанмоқда. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «Интерфакс»

Таъкидланишича, Дмитрий Песковнинг касаллангани ҳақида унинг ўзи «РИА Новости» ва «Интерфакс»га маълум қилган.

Хабар берилишича, Песков сўнгги марта омма олдида 30 апрель куни Владимир Путин раислигида ўтказилган йиғилишда кўриниш берган. Песковнинг маълум қилишича, у Путин билан охирги марта бир ой олдин бевосита алоқада бўлган.

Маълум бўлишича, Дмитрий Песковнинг рафиқаси Татьяна Навка ҳам коронавирусга чалинган ва айни пайтда касалхонада даволанмоқда.

Апрель ойининг бошида Дмитрий Песков вирус блокаторидан фойдалана бошлаганди ва бунинг сабабини тушунтирганди ҳамда бу қурилманинг фойдаси бор ёки йўқлигини билмаслигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукуматининг тўрт нафари аъзоси ҳам коронавирусга чалинган. Ўзининг коронавирусга чалингани ҳақида биринчи бўлиб 30 апрель куни Россия бош вазири Михаил Мишустин маълум қилганди. У касалхонага ётқизилгач, ҳукумат раҳбари ваколатлари бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусовга юклатилган. 1 май куни эса Россия қурилиш вазири Владимир Якушев ва унинг ўринбосари Дмитрий Волковнинг коронавирусга чалингани маълум бўлганди. 6 май куни эса Россия маданият вазири Ольга Любимованинг коронавирусга чалингани маълум қилинди.