Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда солиқ хизмати органлари ходимлари «Ўрикзор» бозорида тадбиркорлардан ишланмаган кунлар учун тўлов ҳамда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманига мажбурий равишда хайрия маблағлари ўтказишни талаб қилаётгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Қўмитанинг таъкидлашича, мамлакатда хайрия амаллари ихтиёрий бўлиб, муҳтожларга ёрдам кўрсатган тадбиркорлар бир қатор солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.
Маълумотларга кўра, хайрия ёрдами кўрсатаётган тадбиркорлар ҳамда уларни олаётган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг «Saxovat.argos.uz» сайтида шакллантириб борилмоқда.
Ушбу сайтга жойлаштирилган маълумотлар Ўзбекистон Президентининг 27 апрелдаги ПФ-5986-сон фармонида белгиланган солиқ имтиёзларини қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
«Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ хизмати органлари ходимлари ‘Ўрикзор’ бозоридаги тадбиркорларни хайрия маблағлари ўтказишга мажбурлаётганлиги ҳолати зудлик билан ўрганиб чиқилди. Ишонтириб айтамизки, бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.
Тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан хайрия ишларига мажбурлаш ҳолатларига дуч келса, бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг 71-244-98-98 рақамли ишонч телефонига зудлик билан мурожаат қилишлари сўралади
Бундай фактлар тасдиқланган тақдирда ДСҚ раҳбарияти томонидан давлат солиқ хизмати органлари ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилиши қайд этилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)