Собиқ Совет Иттифоқи ҳукмронлиги пайтида 9 май ҳар йили Улуғ ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба куни сифатида нишонланиб келинар эди. Аммо Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ушбу сана номи ўзгарди ҳамда урушга Иккинчи жаҳон уруши сифатида қараш қайта тикланди. 9 май эса Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Мавзуга доир:
Уруш тарихи
Инсоният тарихидаги энг қирғинбарот уруш дея эътироф этиладиган Иккинчи жаҳон уруши расман 1939 йил 1 сентябрдан 1945 йил 2 сентябргача давом этди. Урушда дунёнинг икки ҳарбий-сиёсий блоки – Германия–Италия–Япония бошлиқ Берлин–Рим ўқи ҳамда Буюк Британия ва Франция бошлиқ Иттифоқчилар қўшинлари тўқнаш келди.
Учинчи рейх дея эътироф этилган Гитлер Германиясининг сиёсий амбициялари қаршисида ожизлик қилган Ғарб давлатлари ҳукуматларининг ҳаракатсизлиги оқибатида 1939 йилнинг 23 августида Германия ва Совет Иттифоқи ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида яширин битимни имзолади. Ушбу битимнинг келишув нуқтаси Польша эди.
Шу йилнинг 1 сентябрь куни Германия Польшага бостириб кирди ва унинг ғарбий қисмларини эгаллаб олди. Ушбу сана расман Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ҳисобланади. 3 сентябрь куни Буюк Британия ва Франция Германияга уруш эълон қилди.
Германия билан бир пайтда Польшага кириши керак бўлган Совет иттифоқи бу ишни 17 сентябрга келиб амалга оширди. Польша Германия ва СССР ўртасида бўлиб олинди. Польша бўлиб олинганидан кейин Сталин Финляндияга бостириб кириш ҳақида топшириқ берди ва тарихда Совет–фин уруши номини олган уруш бўлиб ўтди. Аслида бу Иккинчи жаҳон урушининг бир қисми эди. 1940 йилда Латвия, Литва ва Эстония Қизил армия томонидан эгалланди ва Совет Иттифоқи таркибига қўшиб олинди. Финляндиянинг катта қисми эгаллаб олинди.
1941 йил 22 июнь куни Германия қўшинлари «Барбаросса» режаси доирасида СССР ҳудудига бостириб кирди. Шу тариқа советларнинг фашизмга қарши кураши бошланди. Дастлаб фашистлар билан ҳамкорлик қилган Совет Иттифоқи энди Иттифоқчилар коалициясига қўшилди. Бу пайтда Совет Иттифоқи армияси анча қолоқ эди. Бунинг оқибатида Германия армияси 1941 йилнинг декабрь ойида келиб Москвадан 20 километр узоқликкача етиб келди.
1941 йил 7 декабрь куни Германиянинг асосий иттифоқчиларидан бири – Япония АҚШнинг Гавайи оролларида жойлашган Перл-Ҳарбор ҳарбий базасига ҳужум қилиши АҚШ урушга киришига сабаб бўлди. Бу пайтгача АҚШ урушга фақат қурол сотиб ҳисса қўшиб турган эди. Энди уруш чинакамига жаҳон миқёсига эга бўлди.
Франция Германия томонидан эгалланишидан кейин Лондондан генерал Шарль де Голль французларни қаршилик ҳаракатига даъват этди. Мамлакатда партизанлик ҳаракати авж олди. Фашистлар Парижни эгаллананидан кейин ҳукумат Вишига ўрнашди. Давлат икки қисмга бўлинди. Шимол немислар назоратида, жануб озод Франция назоратида. Кейинчалик, Италия Францияга уруш эълон қилиши ортидан ҳукумат Шимолий Африкага кўчиб ўтди. Бу уруш Африкага етиб боришига замин яратди.
Уруш беш минтақада давом этди: Ғарбий Европа, Шарқий Европа, Осиё, Африка, Тинч океани ҳавзаси. Совет Иттифоқининг 1943–1944 йилларда шарқий фронтдаги ғалабаларидан кейин Иттифоқчилар 1944 йил июнь ойида Франциянинг Нормандия вилоятига қўшин киритиб, иккинч фронтни очди. Бу эса Франция, у билан бирга Европа озод этилиши сари қўйилган муҳим қадам бўлди. Давомли жанглардан сўнг 1945 йил 8 майдан 9 майга ўтар кечаси (Москва вақти билан 9 май) Вермахт ва Иттифоқчилар ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди ва Германия таслим бўлганини тан олди. 1945 йилнинг 2 сентябрь куни Япония таслим бўлиши билан уруш тугади.
Иккинчи жаҳон уруши нима-ю, Улуғ ватан уруши нима?
Совет ва рус тарихчилигида кўп ҳолларда Иккинчи жаҳон уруши номи ўрнида Улуғ ватан уруши номини ишлатиш одат бўлган. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Аслида Иккинчи жаҳон уруши воқеалари 1939 йил 1 сентябрдан 1945 йил 2 сентябргача бўлган воқеаларни қамраб олади. Шу давр мобайнида, 1939–1941 йилларда Совет Иттифоқи фашист Германиясининг иттифоқчиси ҳисобланар эди. Яъни у билан биргаликда урушни бошлаган давлат эди. Аммо 1941 йил 22 июнь куни Германия армияси СССР ҳудудига бостириб киришидан кейин Совет Иттифоқи Германияга қарши жанг қилишига тўғри келди. Айнан 1941–1945 йиллар уруш воқеалари совет тарихчилиги, ҳозирда рус тарихчилигида Улуғ ватан уруши номи билан аталади. Аслида бу Иккинчи жаҳон уруши таркибидаги бир фронт уруши эди.
Аниқлаб олсак. Иккинчи жаҳон уруши юқорида санаб ўтилган минтақаларда 1939–1945 йилларда бўлиб ўтган уруш; Улуғ ватан уруши 1941–1945 йилларда Совет Иттифоқи ҳудудида бўлиб ўтган ва Иккинчи жаҳон урушининг бир қисми.
Бу ном қандай келиб чиққан? У дастлаб 1941 йилнинг 22 июнь куни тонгда Юрий Левитаннинг Иттифоқ ҳудудида уруш бошлангани ҳақидаги эълонида ишлатилган. Шунингдек, «Правда» газетасининг 24 июнь сонида ҳам «Улуғ ватан уруши» термини қўлланилган («Правда», 24 июня 1941 года, № 173 (8581)). Бундан ташқари, Сталиннинг 1941 йил 3 июлдаги радиомурожаатида ҳам «буюк уруш», «ватан уруши» иборалари ишлатилган. Россиялик тарихчи Сергей Будинский термин 1812 йилги Улуғ ватан урушига қиёсан ишлатилганини таъкидлайди. Ўшанда Наполеон Россияга ҳужум қилган ва енгилган. Ўша пайтда куйланган ватан ҳақидаги қўшиқ Қизил армияда Иккинчи жаҳон урушида ҳам куйлангани «Правда» газетасининг 24 июнь сонида қайд этиб ўтилган.
Ғарб манбаларида Иккинчи жаҳон урушининг ушбу қисми Шарқий фронт (Eastern Front World War II) деб аталади. Германияда эса Deutsch–Sowjetischer Krieg – Немис-совет уруши, Russlandfeldzug – Россия юриши, Ostfeldzug – шарқий юриш деб номланади. Атама 1942 йил 20 майдаги СССР Олий Совети Президиуми тасдиқлаган «Улуғ ватан уруши» ордени таъсис этилиши билан расмий мақомга эга бўлади.
Украина Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими, Украина миллий хотира институти ходими Яна Примаченко «Улуғ ватан уруши» термини Сталин режимининг фашистлар Германияси билан ҳамкорлигини яшириш мақсадида ишлаб чиқилган афсона дея ҳисоблайди. Шунингдек, у Совет иттифоқидаги ҳамма ҳам бунга қўшилмаганини, аксарият Германия ҳужумини большевизмдан қутулиш учун имконият деб ҳисоблаганини айтиб ўтади. Бунга урушнинг дастлабки йилларидаги ҳаддан ташқари кўп аскар асир тушганини ва Украина НКВДсининг 1941 йил ёзидаги украиналиклар кайфияти ҳақидаги ахборотини далил сифатида келтиради.
Шу билан бир қаторда, Примаченко Россия Федерацияси ҳам мазкур атамадан ҳамон воз кечмаганининг сабабини посцовет давлатларда ўз таъсирини ушлаб қолиш мақсади билан боғлайди.
2014 йилги Россия-Украина инқирозидан кейин Украина ҳукумати мактаб дарсликларидан «Улуғ ватан уруши» иборасини чиқариб цҳлаш ҳақида қарор қабул қилди. Украина таълим вазири Сергей Квит «Украина учун уруш Улуғ ватан уруши эмас»лигини айтган.
Марказий Осиёда ҳам мустақилликдан кейинги даврда «Улуғ ватан уруши» терминидан воз кечила бошланди. Бу борада қозоғистонлик тарихчи Гулжавҳар Кокебаева қуйидаги фикрларни айтиб ўтган:
«Улуғ ватан уруши» атамаси фақат морал нуқтаи назардан қабул қилинган. Буни Жаҳон уруши деб биладиганлар ҳам бор, алоҳида кўриб чиқадиганлар ҳам бор. Кўпгина тадқиқотчилар буни Иккинчи жаҳон уруши деб билади. Шунинг учун дарсликларда уларнинг ҳар бирининг хронологияси аниқ кўрсатилиши керак.
Ўзбекистон ҳам мустақиллик йилларида «Улуғ ватан уруши» атамасидан воз кечиб, ўрнига «Иккинчи жаҳон уруши» атамасини ишлатиб келинмоқда. Хўш, нега? Биз учун бу уруш қандай номланиши тўғри бўлади? Сўнгги вақтларда қулоққа чалинаётган «Ғалаба куни», «Улуғ ватан уруши» ибораларининг ишлатилиши нимадан дарак? Бу борадаги фикрлар билан танишиш мақсадида бир қатор тарихчи, сиёсатшунос ва шу мавзуда ёзадиган блогерларга мурожаат қилдик.
Менинг фикримча, «Иккинчи жаҳон уруши» атамаси ҳозирги ёшларимизни кўп чалкаштирди. Масалан, «Иккинчи жаҳон уруши қачон бошланди?» деса, кўпчилик 1941 йил 22 июнь дейди. Аслида Иккинчи жаҳон уруши 1939 йил 1 сентябрда бошланган. У пайтда Германия СССРга ҳужум қилмаган эди. Иккаласининг ўртасида 1939 йил имзоланган «Ўзаро ҳужум қилмаслик» ҳақидаги шартнома бор эди. Ҳатто иккаласи дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида ҳам келишувга эришган. Шунинг учун Германия 1939 йилда уруш бошланганда Совет Иттифоқига душман эмас эди. Немислар 1 сентябрь куни Польшага бостириб кирди, 17 сентябрь куни СССР қўшинлари ҳам Польшага кирди.Иккаласи келишиб, Польшани бўлиб олди. Кейинги йили Болтиқбўйи республикалари СССРга қўшиб олинди. Шунингдек, Молдова ҳам, Финляндия билан уруш бошланиб, Карелия ҳам СССРга қўшиб олинди. Ушбу жараёнда икки давлат ўзаро душман эмас эди. Барча ишлар келишиб амалга оширилди. Шу сабабли биз Иккинчи жаҳон урушида немисларга қарши курашдик десак, тушунмовчилик пайдо бўлади. Чунки СССР Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки босқичида немислар билан душман эмас, балки маълум маънода иттифоқдош бўлган. Шунинг учун «Улуғ ватан уруши» деган атама қолиши керак.
Тарихда тарихий атамалар ўша даврда қандай қўлланилган бўлса, шундай ишлатилади деган қоида бор. Бизнинг тарихчи олимларни шу атамани қўлламасликка мажбур қилган ҳукумат ҳам хатога йўл қўйган. Сабаби, Иккинчи жаҳон уруши билан Улуғ ватан уруши ўртасида муддати нуқтаи назаридан ҳам катта фарқ бор. Иккинчи жаҳон уруши 1939 йил 1 сентябрда бошланган ва 1945 йил 2 сентябрда тугаган, Улуғ ватан уруши 1941 йил 22 июнда бошланган ва 1945 йил 9 май куни тугаган.
Иккинчи жаҳон уруши деганда жуда катта кўламдаги, 60 дан ортиқ давлат қатнашган урушни тушунамиз. Улуғ ватан уруши деганда иккита давлат – СССР ва Германия ўртасидаги урушни тушунамиз. Фарқи шунда. Шунинг учун «Улуғ ватан уруши» деган атама, қандай бўлишидан қатъи назар, СССР ёмон бўлсин, тарқалиб кетган бўлсин, у тарихда қолган, сақланган атама. Шунинг учун у атамани қўллаш керак.
Худди шунингдек, бир қатор тарихий атамаларни бузиб қўллаш тушунмовчиликларга олиб келяпти. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида жуда кўп юртдошларимиз «Совет Иттифоқи қаҳрамони» унвонини олган. 300 дан ошиқ дейилади манбаларда. Ҳозир телевизорда, газеталарда, бошқа ерларда уларни «Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони» деган унвон билан тақдирланган деб беряпти. Бу қўпол хато. Чунки ҳар қандай унвон маълум бир юридик ҳужжат асосида берилади. Бу унвон урушдан олдин таъсис этилган ва 1991 йил декабргача бўлган. Ўша пайтда олинган унвонлар ўшандай айтилиши керак. Атамани бузиб айтиш хато. Шу сабабдан икки атаманинг ўрнини алмаштириш ҳам хато.
Кўпчиликка ҳозир «Улуғ ватан уруши» атамаси ёқмаслиги мумкин. Гўёки ҳар бир совет даврида бўлган нарсага қарши чиқса ватанпарвар бўлиб қоладигандек ўзини тутадиганларга ёқмаслиги мумкин. Лекин, бу СССРни улуғлаш эмас, советларни улуғлаш эмас, балки ўзимизнинг ота-бобомизни улуғлашдир. Сталинни, Берияни улуғлаш эмас. Даврга, атамага нисбатан ҳурматсизлик қилсак, ўзимизннг ота-бобомизга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламиз, уларнинг меҳнатини, умрини, қаҳрамонлигини менсимаган бўламиз.
Ҳозир бошдан оёқ шунақа ҳурматсизлик давом этяпти. Лекин улар ўз даврининг, ўша даврнинг қаҳрамонлари эди, ўша ватаннинг фуқаролари эди. Энди улар ўтиб кетганидан кейин улар яшаган даврдаги атамаларни алмаштиришга маънавий ҳаққимиз йўқ. Бизга бундай ҳуқуқни ҳеч ким бермаган.
Ҳозирги кунда «Улуғ ватан уруши» деган атама ўзининг мафкуравий таъсирини йўқотган. Уни ҳозир фақат тарихий атама сифатида қўллаш лозим. Чунки «Улуғ ватан» деб СССРга нисбатан айтилган. СССР деган давлат йўқ бўлиб кетган, унинг тикланиш хавфи ҳам йўқ. Шунинг учун бундан қўрқмаслик керак. Шунинг учун бу тушунча ҳозир бирор бир мафкуравий мазмунга эга эмас, бор-йўғи тарихий атама. Бу уруш Иккинчи жаҳон урушининг таркибий қисми сифатида, лекин алоҳида ажратиб кўрсатиш учун ўз номи билан ўрганиш лозим. Чунки бу икки давлат ўртасидаги уруш эди. Агар кимгадир ёқмаса, буни қўштирноқ ичида бериб кетиш керак бўлади.
Шуҳрат Эргашев, ЎзРФА Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Улуғ ватан уруши – СССР ва Германия орасидаги 1941–1945 йиллар урушининг бирёқлама, мафкуравий холис бўлмаган номи бўлиб, у 1939 йилда бошланган Иккинчи жаҳон урушининг таркибий қисми ҳисобланади. Улуғ ватан урушининг хронологик доираси ва мафкуравий мазмуни Иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек халқининг тажрибасига мос келмайди.Биринчидан, СССР ҳали «ватан»га айланишга улгурмаган эди. 1941 йилда Қўқонда қонга ботирилган миллий давлат қуришга бўлган ҳаракатдан 23 йил, ўзбек миллатининг энг олди зиёлиларини ва умуман юз минглаб ўзбекларни қирган «катта террор» тугаганига бор-йўғи уч йил бўлган эди. «Босмачилар» деб аталган ҳаракат Ўзбекистон ҳудудида то 1939 йилгача фаол эди. Булар бир авлоднинг ҳаёти давомида бўлаётган ҳодисалар, бу авлод СССРни ҳали ватан деб билмас эди. Аксинча, аксарият оилаларда қатағон қилинган ёки болшевиклардан четга қочишга мажбур бўлганлар ҳақида хотира ҳали тирик эди. Сталин қатағонлари ва ўтмиш ҳақидаги хотиралар (ҳамда болшевиклардан ўч олиш иштиёқи) халқнинг бир қисми Туркистон легиони сафида большевикларга қарши курашишига сабаб бўлган.
Иккинчидан, Ўзбекистон замонавий колониал империяларидан бири бўлган СССРнинг колонияси эди, бу борада бир қатор жўяли тадқиқотлар мавжуд. Ҳар қандай колония каби ўзбеклар ўзига ёт бўлмиш европаликларнинг колониал урушида (ҳа, Иккинчи жаҳон уруши айнан Европа колониал империяларининг замонавий уруши эди) қатнашишга мажбур бўлган. Масалан, ҳиндлар ҳам Британия империясининг колонияси сифатида Африкада Гитлер қўшинларига қарши курашишга мажбур бўлган. Лекин улар ушбу урушда «бобоси қатнашгани» учунгина уни «ватан уруши» деб билмайди.
Учинчидан, бизнинг миллатга ҳозирда ажратадиган эмас, муроса қилувчи тарих керак. Қизил армия сафида нацистларга курашган ҳам ўзбек, Туркистон легиони сафида большевикларга қарши курашган ҳам ўзбек. Яъни ўзбеклар учун бу уруш қайсидир маънода фуқаролик уруши деса ҳам бўлади. Фақат тарихни ғолиблар ёзгани учун ва совет пропагандаси деб бизда бошқа тарафни эшитиш имкони бўлмади ва бўлмаяпти.
Шунинг учун ҳам мустақил Ўзбекистонда бу ғалабага «эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси» эмас, битта зулм империясининг иккинчи зулм империяси устидан ғалабаси сифатида қаралиши керак. Ислом Каримов бу кунни Хотира ва қадрлаш куни деб номлаганда, ғалабанинг айнан шу муроса қилувчи талқинини таклиф этган эди. Дарҳақиқат, бу кунни Россия пропагандасининг таъсирида жинлар базмига айлантирмасдан, ўзиники бўлмаган урушда икки томонда ҳам мажбуран қатнашиб, вафот этганлар хотирасини ёдга олиш керак эди.
Сардор Салим, блогер, журналист
Яхши ва ўринли савол, ҳолбуки бугунги воқелигимизда бундай савол вужудга келишининг ўзи шахсан мен томондан ижобий баҳоланмаса ҳам. Бу саволга жавоб оддий ва бир ўлчамли эмас, уни ҳар хил томондан ёндашиб бериш мумкин. Авваламбор, Иккинчи жаҳон уруши ва Улуғ ватан уруши тушунчаларини адаштирмаслик керак, булар ҳар хил нарсаларни билдирувчи тушунчалардир (яъни бир-бирининг ўрнига ишлатилиши мумкин бўлган синоним тушунчалар эмас).Иккинчи жаҳон уруши атамаси остида 1939 йил 1 сентябрдан 1945 йил 2 сентябргача бўлган даврда давом этган ҳарбий тўқнашувлар мажмуаси тушунилади.
Улуғ ватан уруши атамаси эса ушбу урушнинг бир қисмини (асосий қисмини) ўз ичига олувчи, 1941 йил 22 июнь – 1945 йил 9 май оралиғида Германия ва унинг иттифоқчилари билан СССР ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий тўқнашув даврини англатади ва бу атама халқаро эмас, айнан Совет Иттифоқи тарихий мактаби ва халқларига тегишли.
Ушбу икки тушунча совет давридаёқ конкрет ажратиб кўрсатилган. Бунга далил – СССРда Иккинчи жаҳон урушига бағишланган асосий илмий адабиёт, 12 томлик «История Второй мировой войни 1939–1945 гг.» китобини келтириш мумкин.
Масалага «ватан» иборасига боғлиқ томондан қарасак, 1941–1945 йилларда бугунги Ўзбекистон ҳудуди ва халқи Совет Иттифоқи деб номланмиш ягона чегарали, ягона қонунчилик тизими амал қилган давлат таркибида бўлганини кўрамиз. Шу билан бирга, ўша йилларда халқимизда ушбу давлат таркибидан чиқишга, ё унга нисбатан қандайдир адоват, ё қаршилик ҳам умуман бўлмаганини кўрамиз ва ўз ота-боболаримиздан, хусусан, ўша уруш ветеранларидан суриштириб, ўша даврда ўзбек халқи учун Совет Иттифоқини ўз ватани деб билиш буткул одатий ва табиий ҳол бўлганига иқрор бўлишимиз мумкин.
Германиянинг ҳам алоҳида олинган РСФСР ё УССР ё БССРга эмас, бутун бошли СССРга ҳужуми ва унинг ушбу уруш доирасидаги ҳужжатланган режаларида алоҳида иттифоқдош республикалар эмас, Иттифоқнинг ҳамма халқлари акс эттирилгани — СССР таркибига кирувчи ҳар бир миллат учун бу айнан ватан уруши бўлганини кўрсатади.
Бунга жавобан «хўп, СССРда туғилиб ўсганлар учун бу ватан уруши бўлгандир, лекин 1991 йилдан кейинги Ўзбекистонда туғилиб ўсганлар нима учун бу урушни ватан уруши деб номлаши керак?» деган саволлар берилади. Бунга жавобан айтиш мумкинки, биринчидан, Улуғ ватан уруши шунчаки баҳоловчи (классификацияловчи) эркин ибора эмас, балки конкрет тарихий даврга оид конкрет тарихий ҳодисани билдирувчи тарихий атамадир. Тарихий атамалар эса даврнинг ё жой номининг ўзгариши билан ўзгариб қолмайди. Сталинград жанги бугунги кунга келиб Волгоград жангига, Троя жанги бугунги Туркия территориясидаги номига мувофик Бига жангига айланиб қолмаганидек.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бугунги Ўзбекистон халқи учун Улуғ ватан уруши тарихий атамасининг ўрнига Иккинчи жаҳон уруши атамаси ишлатилиши на илмий-тарихий, на морал жиҳатдан асосланмаган. Бундай «рокировка» фақатгина сиёсий-пропагандистик мақсадларгагина хизмат қилиб, ўзи шундоғам тарихий жиҳатдан жуда саводсизлашган аҳолимиз янада омилаштирилишига олиб келиши мумкин, холос.
Мирзиёд Мирусмонов, Совет иттифоқи тарихи бўйича ёзадиган блогер
9 май мустақил Ўзбекистон учун Улуғ ватан урушими ёки Иккинчи жаҳон уруши – бу савол муҳим маънавий, тарихий, сиёсий аҳамиятга эга. Ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг қадриятлар тизими бўлади. Бу каби жиддий саволлар пайдо бўлганида, ўша қадриятлар тизимини тартибга солиш, уларнинг иерархиясини аниқлаш орқали жавоб топиш тўғри бўлади.Ўзбекистон жамияти ва давлатчилиги учун кейинги даврдаги энг марказий, фундаментал қадрият деб Мустақиллик эълон қилинди. Мустақиллик Ўзбекистон давлати янгидан таваллуд топиши, миллат эрки ва озодлигининг расмийлаштирилиши эди. Мустақиллик фалсафасига кўра, Ўзбекистон тарихи ва келажагидаги барча воқеа-ҳодисалар, феноменлар энг аввало мана шу қадрият – миллий мустақиллик орқали ўлчаниши назарда тутилади.
Мустақиллик қадриятига кўра, 9 май Улуғ ватан уруши дейилиши мантиққа мутлақ тескари келади. Биламизки, Чор Россияси 1812 йилдаги Наполеон босқинига қарши урушни Ватан уруши («Отечественная война») деб номлаган эди. Собиқ СССР эса 1941–1945 йиллардаги урушни эса Улуғ ватан уруши («Великая отечественная война») деб, олдинги уруш билан тарихий боғлиқлик яратган эди. Бу атамани қўллаш учун ҳар қандай давлат ўзини Чор Россияси ёки Россия Федерациясининг таркибий қисми ёки абадий колонияси деб эътироф қилиши лозим бўлади.
Мустақиллик фалсафасига кўра, Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон давлати мустақиллигини анча орқага ташлаган воқеа сифатида ҳам эсланади. Айни пайтда, тарихй мураккабликлар ва зиддиятлардан ҳам иборат. Яъни, Иккинчи жаҳон урушида ярим миллиондан кўп Ўзбекистон фарзанди қурбон берилган эди, ярим миллиондан зиёди эса жароҳатланиб қайтган эди. Жамият бу қурбонларга кўз юма олмайди. Шу сабаб ҳам 9 майни Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни, яъни ўтганларни хотирлаш ва тирикларни қадрлаш куни – байрам эмас, мотам куни сифатида ёдга олиш таклиф қилинган эди.
Ўзбекистон давлатчилиги, давлат мустақиллиги фалсафасидан келиб чиққанда, 9 май Хотира ва қадрлаш куни деб эътироф этилиши, бу уруш Иккинчи жаҳон уруши деб таърифланиши мантиқан ва тарихан тўғри йўналиш эди.
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос
Биз неча йиллардан буён Иккинчи жаҳон уруши деб ўрганиб келмоқдамиз ва шундай давом этиши керак. Чунки бу уруш эски совет тузумининг унсури, белгиси бўлади. Бу нарсаларни муҳокама қилаётганда бир нарсага эътибор бериш керак: совет давридан қутулганимизга, мустақил бўлганимизга хурсандмизми ёки хурсанд эмасмизми, бизга шу керакми, керакмасми? Шу нарсадан келиб чиқиш керак. Агар хурсанд бўлсак, ҳар қандай жамиятда шунга ўхшаш ўтган давр ёмон давр бўлган бўлса, тезроқ унутишга ҳаракат қилинади. Шунинг учун мустақилликнинг дастлабки йилларида кўп ҳайкаллар, шунга ўхшаш белгилар йўқ қилина бошлаган.Ҳақиқатан ҳам, Иккинчи жаҳон уруши жуда мураккаб давр, у ҳақда хулоса чиқарганда эҳтиёткор ёндашиш лозим. Урушни қандайдир сиёсий манфаатлар йўлида қурол қиладиганларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш керак. Давр воқеалари ҳали жуда кўп изланишланишларни талаб этади. Жамият онгини пропагандистик ахборотдан ҳимоя қиладиган энг тўғри йўл холис ахборот, холис изланишдир. Ушбу мақоламиз ҳам ана шундай холис материллардан бири бўлишига умид қиламиз.Ҳозирда Ўзбекистонни совет даври билан боғлаб турадиган иккита-учта йирик воқеа бор. Шулардан биттаси мана шу Иккинчи жаҳон урушидир. Бунда умумий душманга қарши урушилганини тушуниб турибмиз, ўша пайтда ҳамма учун ватан деб ҳисобланган, ватан учун бизнинг одамларимиз, ота-боболаримиз жонини берган, уни билиб, англаб турибмиз. Шу билан бир қаторда, бир нарсага эътибор бериш керакки, мана шу унсур орқали ўша даврни тикламоқчи бўлган ҳар хил кучлар, оқимлар бор.
Бу нарса бизда ҳам бор, бошқа давлатларда ҳам, чет давлатларида, биринчи ўринда Российда бор. Буни тан олиш керак. Шундай унсурлар орқали бу ердаги ўша даврдаги хотираларга носталгияси бўлган қатламни, одамларнинг туйғуларини қитиқлайдиган, уйғотадиган ҳаракатлар бор. Масалан, Георгий лентаси, Ўлмас полк, 9 май, Улуғ ватан уруши деган терминлар билан таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади. Кейин Ўрта Осиёга Россия темир йўл олиб келди, Совет Иттифоқи аёлларимизни паранжидан «халос» қилиб, жамиятга тўлақонли аъзо сифатида қўшди, диний ақидапарастликка қарши курашди деган гаплар, булар ўша даврнинг унсурлари, таъсир қилишга ҳаракат қилади. Бу нарсадан эҳтиёт бўлиш керак.
Бу нарсаларга тамомила қарши чиқмаслик керак, батамом рад қилмаслик керак. Тўғри, умумий душман бор эди, лекин шу билан биргаликда урушдан олдинги 3–4 йилги воқеаларга ҳам қараш керак. 1937 йилдаги репрессив тозалаш воқеалари ҳам урушдаги жангчиларга жуда қаттиқ таъсир қилган. Нима учун ҳам 10 минглаб аскарлар асир тушганда Туркистон легионига ўтиб кетган? Нима учун одамларимиз қайтиб келишни истамаган? Кўпчилиги ўша ерларда қолиб кетган.
Қайтиб келганлар қамалиб, ГУЛАГларга юборилиб, йўқ бўлиб кетган дом-дараксиз. Кейин урушга борганда ўта қаттиқ тартиб бўлган. Давлат ҳам аскарларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлган. Шундан қочиб ҳам қўлга тушганлар қайтиб келмаган. Власов армиясининг 100 минглаб одамлари немислар томонига ўтиб кетган. Туркистон легиони ҳам тузилган немислар армияси таркибида. Бу нарсаларга бир томонлама баҳо бериш жуда қийин, ҳозирги ҳолатда. Чунки бу нарсани жуда чуқур ўрганган, таг-туги билан тадқиқ қилган тадқиқотчилар йўқ. Тарихчиларимизнинг битта муаммоларидан бири шу. Ҳали бизга кўрсатиб беришгани йўқ, айтишгани йўқ.
Яна бир нарсага эътибор қилиш керакки, ҳали урушга қатнашган отахонлар бор, ўша давр одамлари бор. Жамият хотирасида бор нарса ҳали. Шунинг учун собиқ Иттифоқ давридаги ҳар қандай воқеага муносабат билдираётганда, баҳо бераётганда, салбий тарафини кўрсатишга урунишлар уларга ёмон таъсир қилади. Бу инсонларнинг эмоциялари билан буни ҳис қилиб бўлмайди. Мен бу масалага жуда эҳтиёткорона ёндашаман. Шу билан биргаликда, ҳозир ҳар хил шиорлар остида кўтарилиб чиқаётган турли сиёсий тушунчага эга гуруҳларга ҳам жуда эҳтиёткор қарайман. Тарихга кенг қамровли, ҳамма нарсани ҳисобга олган ҳолда қараш керак, деб ўйлайман.
Яна бир нарса. Ғарбий фронтга ҳам жуда катта эътибор бериш керак. ОАВда, ижтимоий тармоқларда СССР таъсиридан чиқиб кетган одамларнинг гапларига эътибор берадиган бўлсак, ҳар хил гаплар юрибдики, ғарбий фронт (АҚШ, Буюк Британия) бўлмаганда эди, енгиш жуда катта муаммо бўлган бўлар эди. Енгганда ҳам энг ката асосий зарбани СССР қабул қилган бўлар эди деган қарашлар ҳам мавжуд. Совет давридаги қуролларнинг тахминан 70 фоизини АҚШ таъминланган деган гаплар ҳам бор. Шунинг учун бу умумжаҳон қадрияти. Совет даври билан боғлайдиган томонини бўрттирмаслик, бунга унчалик эътибор бермаслик керак. Тамомила рад ҳам қилмаслик, бутунлай ҳақ ҳам деб юрмаслик керак. Тарих шундай мураккаб нарсаки, баҳо беришда ҳар томонлама чуқур ўрганиб, ҳисоблаб, кейин бир нарса дейиш мумкин. Шу давр билан шуғулланадиган тарихчилардан шу нарсани кутиб қоламан.
Ўзбекистонда ҳам ўша даврга носталгия билан қарайдиган қатлам бор. Уларнинг носталгияси шу даражага етиб борганки, ҳатто мустақиллик стратегиясини, мустақил давлат тушунчасини ўчириб ташлайдилар. Ҳозир жамиятимиз қутблашмаслигига ҳаракат қилишимиз керак. Чунки бу бир томонлама ёритилса, қутблашади жамият. Ҳар қандай сиёсий тушунча шакллантираётганда икки қатламни ҳам ҳисобга олиш керак. Сиёсий тушунча нима орқали шакллантирилади? Сиёсий тушунча оммавий ахборот воситаларида чиқаётган нарсалар билан, илмий муҳитда, илмий доирада чиқарилаётган маълумот билан, китоблар билан шакллантирилади. Булар менинг шахсий тушунчаларим.
Хулоса қиладиган бўлсак, урушни ёритаётганда фақат Совет Иттифоқининг ҳаракатларини эмас, балки Ғарбий фронтни ҳам кўрсатиш керак. Жамиятни қутблаштиришга хизмат қиладиган бир томонлама талқиндан қочиш керак. Даврнинг мураккаблигини кенг қамровли тушунтириш керак.
Фарҳод Мақсудов, ЎзРФА Миллий археология институти директори, тарихчи
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)