«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.
Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш ҳақидаги битим қанчалик аҳамиятли?
The Foreign Affairs нашри ядро асрида стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тинчлик гарови экани ҳақида ёзади. Сабаби бундай битимнинг Россия ва АҚШ ўртасида имзоланиши ядровий низоларнинг олдини олишда ўта муҳим, бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп муддати тугаган мазкур битимни нега имзолашга шошилмаётгани кўплаб саволларни ўртага ташламоқда.Ўн йил аввал АҚШ ва Россия томони «Стратегик ҳужум қуроллари – 3» шартномасини имзолашган ва ядро қуролига захирасининг 90 фоизига эга бўлган икки мамлакат қуролланиш пойгаси авж олиб кетишини ҳамда янги ядровий қуроллар жанги бошланиб кетишини олдини олганда дунё ҳамжамияти тинч нафас ола бошлаган эди. Аммо ҳозирда «Стратегик ҳужум қуроллари – 3» шартномаси муддати 2021 йилнинг февраль ойида тугаб борар экан, бундай шартноманинг келажаги мавҳум бўлиб қолмоқда. Бу эса АҚШ, Россия ва бутун дунёдаги тинчлик учун хавф туғдирмоқда.
Пандемия билан боғлиқ вазият халқаро дунёвий тизим қай даражада мўрт эканини ҳам кўрсатиб қўйгани йирик ҳукуматлар учун белги бўлиб хизмат қилиши лозим. Шундай экан, вазиятни янада чигаллаштириш ва дунё ҳамжамиятини янги хавфлар гирдобида қолдирадиган вазиятни яхшиси яратмаган маъқул. Башарти «Стратегик ҳужум қуроллари» шартномаси муддати узайтирилмайдиган бўлса, у ҳолда дунё янги бир хавф остида қолиши мумкин.
Олтин тамойил
Стратегик ҳужум қуролларини келгусида ҳам чеклаш ҳақида битим расмий Москва ва Вашингтон ўртасида 1991-йида имзоланган ва 2009 йилда муддати тугаган эди. «Стратегик ҳужум қуроллари -3» битими эса аввал имзоланган мазкур битимнинг янги 2010 йилда имзоланган ва 2011 йил февраль ойидан бошлаб кучга киритилган битим асосида юзага келади. Мазкур битим нафақат АҚШ ва Россия, балки бутун дунё ҳамжамиятларининг муштарак ниятларини ҳам ўзида мужассам этади.
Сўнгги ўн йил мобайнида мазкур битим ядровий мувозанатни сақлашга имкон бериб келди. «Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш -3» битими Россия ва АҚШ эгалик қилаётган ядровий қуролларни камайтиришга, қуролланиш пойгасидан тийилишга сабаб бўлди. Бугун эса мазкур битим улкан хавф остида қолмоқда.
Мазкур битим натижасида 2018 йилда ҳарбий каллаклар учдан бир қисмга, уларни манзилга етказиш учун хизмат қиладиган ракеталар ва ҳарбий самолётлар миқори 50 фоизга камайди. Битимга мувофиқ АҚШ ва Россия тарафи 700 та ташувчи воситаларга ва 1 550 та ҳарбий каллакга эгалик қилиши белгиланди. Битим стратегик қуролларни замонавийлаштиришни тақиқламаган бўлса-да, икки мамлакат эгалик қиладиган ҳарбий каллаклар 1 550 тадан ошмаслиги белгиланди. Шу тариқа стратегик мувозанат сақлаб турилади ва бир мамлакатнинг ҳужум тизими иккинчисиникидан ўзиб кетмаслиги олди олинади.
«Стратегик ҳужум қуроллари – 3» битими томонларнинг ҳарбий мудофаа тизимида шаффофликни юзага келтириб, ўзаро тенглик тамойили ҳамда манфаатлар мувозанатини юзага келтиради. 2020 йил март ҳолатига кўра, америкалик ва рус ҳарбий мутахассислари баллистик ракеталар, сувости кемалари ва қирувчи самолётлар ўрнатилган манзилларда 328 та тафтиш назорат ишларини амалга оширди. Шунингдек, тарафлар мудофаа тизимлари ҳолати борасида ўзаро 19 815 марта хабарномалар билан ўртоқлашди. Мисол учун, агарда ракета техник кўрикка юборилаётган бўлса, тарафлар бир-бирларини хабардор қилади. Шу тариқа икки томон ҳам ракета тизимларининг жорий ҳолати ҳақида маълумотни қўлга киритади.
Тарафлар ракета тизимлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мақсадида бир йилда икки марта стратегик ядро қуролларининг ҳолати, ракеталарнинг учирилиши саналари ва муддатлари ҳақида батафсил маълумот билан танлов асосида фикр алмашади. Бу эса ракеталар синови ҳақидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Агарда Москва ва Вашингтон ўртасида шартнома бандларини бажариш борасида қандайдир бир низо келиб чиқадиган тақдирда икки томон ўртасидаги маслаҳат комиссияси иш бошлайди ва мавжуд низоларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Бундай тизим эса келгусида ядро каллаклари сонини янада қисқартиришга имкон беради ва дунё хавфсизлигининг асосий кафолати бўлиб хизмат қилади.
Бироқ...
Қуролланиш борасидаги мазкур битим 2026 йилга қадар сенатнинг ратификация қилиши учун юборилмасдан ҳам узайтирилиши мумкин. Россия президенти Владимир Путин мазкур битим муддатининг узайтирилиши борасида хайрихоҳ эканини таъкидлаган бўлсада, жаноб Трамп битимни узайтиришни пайсалга солмоқда. «Стратегик ҳужум қуролланиш -3» битими ҳозирги шароитда муҳим бўлган ҳарбий сиёсий масалаларни ҳал қилишга имкон бермаса-да, аммо мазкур масалаларни қайта таҳлил қилиш, битим бандларини қайта кўриб чиқиш учун имкон берган бўлар эди.
Қуролланиш борасидаги мазкур битим муддати узайтирилмайдиган бўлса, бу 2021 йилда олдиндан кўриш имконини бермайдиган вазиятни юзага келтиради. Энг ёмони, тарафлар бир-бирларининг ядровий қуроллари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай қолади. Ўзаро ишонч йўқолади. Ядро қуроллари миқдори кўпаяди ва энг ёмон ривожланадиган ҳарбий тўқнашувлардан келадиган талафотлар кўламини аниқлашга ортиқча маблағ харжланади.
Битимнининг бой берилиши коронавирусдан азият чекаётган халқаро ҳамжамият учун ҳам ёмон белги. Россия ва АҚШ дунёнинг энг йирик ядро қуролига эга бўлган мамлакатлари сифатида ядро қуролига эгалик қилишнинг, ишлаб чиқаришнинг кўламини ярим асрдан буён тартибга солиб келмоқда. Бугун дунё пандемиядан азият чекаётган бир вазиятда АҚШ ва Россия дунё ҳамжамияти учун ҳамкорлик, ўзаро ишонч борасида дунё ҳамжамиятига яхшигина ибрат болиши мумкин. Яхши ибрат эса икки йирик мамлакат «Стратегик ҳужум қуроллари -3» битимининг муддатини узайтиришдан иборат. Вазият қандай ривожланади, албатта, ҳозирда АҚШ ва Россия ўртасидаги совуқ муносабатлар даврида бирор нарса дейиш амримаҳол.
Янги Зеландия коронавирус муаммосини қандай ҳал қилди?
CNN нашрининг ёзишича, Янги Зеландия ҳукумати бир неча ҳафта ичида коронавирус билан боғлиқ вазиятни тўлиқ назоратга олди ва муаммони бартараф қилди. Бугун 400 минг янги зеландияликлар ўз иш фаолиятига қайтди ва мамлакатда коронавирусдан соғайганлар 82 фоизни ташкил қилмоқда.Сўнгги кунларда Янги Зеландияда коронавирус билан касалланганлар сони ўн нафардан ошмаяпти. Душанба куни бутун мамлакат ҳудудида коронавирусга чалинганлик билан боғлиқ вазият биттани ташкил қилди. Янги Зеландия Соғлиқни сақлаш департаменти бош директори Эшли Блумфилд фикрига кўра, мамлакат коронавирусга қарши курашда ўз мақсадига етган ва вирус билан касалланишнинг янги ҳолатлари қаердан келаётгани ҳақида тўлиқ тасаввурга эга.
Душнаба куни Янги Зеландиянинг 39 ёшли бош вазири Жасинда Ардерн коронавирус билан боғлиқ беш ҳафталик карантин даври мамлакат тарихидаги энг қатъий чекловлар амал қилган муддат бўлганини таъкидлади. Сешанбадан бошлаб эса Жасинда Ардерн мамлакатда карантин билан боғлиқ вазият юмшатилгани ва 400 мингдан ортиқ ишчилар ўз ишларига қайтишга рухсат этилгани ва мамлакат иқтисодиёти карантиндан аввалги кўламнинг 75 фоизига эришгани ҳақида маълумот берди.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Янги Зеландияда коронавирус билан боғлиқ 1 472 та ҳолат аниқланган ва шундан 19 тасида ўлим ҳолати қайд этилган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан тузалганларнинг миқдори 1 214 нафарлигини ва бу рақам касалланганларнинг 82 фоизини ташкил қилишини хабар қилган. Шунга қарамасдан Жасинда Ардерн янги зеландияликларни ҳушёрликни қўлдан бой бермасликка чақирди.
Янги Зеландиянинг коронавирусга қарши курашда эришган ютуқлари асосида мамлакатнинг чет минтақада жойлашгани ва мамлакатдан халқаро авиақатновлар сонининг камлиги билан изоҳлаш мумкин бўлса-да, аммо ҳукуматнинг коронавирусга қарши тезкор акс таъсири, коронавирусга қарши тестлар кўламининг улканлиги ва ҳақиқий фан билан шуғулланиш тажрибаси алоҳида эътиборга молик.
Коронавирус билан боғлиқ илмий моделлаштиришлар Янги Зеландияда ҳам талафотлар улкан бўлиши эҳтимолини кўрсатганда, Янги Зеландия ҳукумати коронавирусга қарши тезкор тадбирларни жорий этди. 14 март санасида Жасинда Ардерн мамлакатга кирувчиларга икки ҳафталик карантин жорий этилишини эълон қилди. Бу амалиёт гарчи мамлакатда коронавирус билан боғлиқ олтита ҳолат қайд этилишига қарамасдан татбиқ этилди.
19 март санасида ҳукумат мамлакатга кирувчиларга тақиқ жорий этганда, Янги Зеландия аллақачон 28 нафар хорижлик шахс мавжуд эди. 23 март санасида ҳукумат қатъий карантин режимини жорий қилганда, мамлакатда коронавирус билан хасталанган 102 нафар бемор аниқланди. «Янги Зеландия ҳукумати шу тариқа нафақат Янги Зеландия аҳолисни, балки Тинч океани минтақаси аҳолисни ҳам коронавирус билан боғлиқ мудҳиш пандемиядан асрай олди», — дея таъкидлайди бош вазир Жасинда Ардерн.
Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётган бўлса-да, «Colmar Branton» тадқиқот компанияси ўтказган сўровларда қатнашган 87 фоиз янги зеландияликлар ҳукуматнинг карантин муддатини яна беш кунга узайтириш қарорини ижобий баҳолади. Янги Зеландияда, шунингдек, кунига коронавирусга қарши 8 000 та тест ўтказилди. Таққослаш учун, Янги Зеландиядан аҳолиси 13 марта кўп бўлган Буюк Британияда 719 910 та тест ўтказилган бўлса, Янги Зеландияда ўтказилган тестлар сони 126 066 тани ташкил қилди.
Ўз чиқишида Ардерн хоним Янги Зеландиядаги коронавирус билан боғлиқ фактларни чоғиштирар экан, бошқа мамлакатларда коронавирусга чалинган одам 2,5 та одамга касалликни юқтирган бўлса, Янги Зеландияда бу кўрсаткич 0,4 тани ташкил қилганини очиқлади. Отаго университети эпидемиолог профессори Майкл Бейкер фикрича, Янги Зеландиядаги ижобий ҳолат гарови бу – сифатли фан ёндашуви ва мамлакат раҳбарининг аъло даражадаги етакчилик қобилияти ҳамоҳанглигидир.
Янги Зеландияда коронавирусга қарши курашда самарадорлик кўзга ташланаётган бўлса-да, аввалги ҳаёт тарзига қайтишга яна анча муддат бор. Карантин ҳолати давом этмоқда, ижтимоий муҳофазаланиш ва янги зеландияликлар имкон қадар уйда қолиш тавсия қилинмоқда. Мамлакатнинг асосий иқтисодий тармоғи бўлган сайёҳлак тизими кучли зарбада қолган, ҳамон хорижлик сайёҳларнинг мамлакатга кириши борасидаги тақиқлар амал қилмоқда. Австралия ва Янги Зеландия ўртасидаги авиақатновларни очиш борасида музокаралар кетмоқда, ишсизлик даражаси эса 13 фозига юқорилагани кузатилмоқда, деб ёзади CNN ахборот нашри.
Дунё ҳамжамиятини кутиб турган буюк тушкунлик
2007–2009 йиллардаги иқтисодий инқироздан сўнг йўл қўйилган сиёсий хатоликлар шундоқ ҳам жаҳон иқтисодиёти тўла бўлган номутаносибликлар ва хавфларни янада чуқурлаштириб юборди. Ҳукуматлар эса молиявий инқироз сабаб очилиб қолган дарзларни тизимли равишда ҳал қилишга ёндашмади. Вақтида ҳал қилиниши талаб қилинган муаммолар кейинга сурилди.Бугун яна дунё иқтисодиёти инқирозни бошдан кечирар экан, жаҳон иқтисодиётига хавф туғдираётган таҳдидлар янада кескинлашади ва дунё кейинги ўн йилликда «буюк депрессия»ни бошидан кечиради, деб ёзади нуфузли нашрлардан бири The Project Syndicate нашри. Мақола муаллифи Нуриэл Рубини фикрича кутилаётган депрессиянинг энг мудҳиш ўн белгиси мавжуд.
Биринчи белги ҳукуматларнинг бюджет дефицити муаммоси ва унга йўлдош бўлган қарздорлик ва дефолт муаммоси. COVID-19’га қарши чора сифатида миллий ҳукуматлар бюджет дефицитини юзага келтирадиган қарорлар қабул қилмоқда. Айрим мамлакатларда давлат қарзи ҳажми эса тўлаб бўлмас даражага келиб қолган.
Энг ёмони эса оилалар ва компанияларнинг даромадларидан айрилгани хусусий сектор қарзининг ошишига олиб келади. Натижада, оммавий кузатиладиган дефолт ва банкротлик ҳолатлари содир бўлади. Давлат қарзларининг ўсиши манзарасида бундай вазият иқтисодиётни 10 йил аввалги инқироздан ҳам оғир кечишига ишора.
Иккинчи омил бу ривожланган мамлакатлардаги демографик вазият билан боғлиқ. COVID-19 пандемияси ҳукуматларга соғлиқни сақлаш соҳасига кўпроқ маблағ ажратиш лозимлигини, чунки бу энг зарурий соҳа эканини кўрсатиб қўйди. Аммо ривожланган мамлакатларда аҳолининг аксар қатлами кексайиб бораётган қатлам экани инобатга олинса, бу соҳага келажакда кўпроқ маблағ ажратиш соғлиқни сақлаш ва ижтимоий суғурта соҳасини етарли даражада молияланмаслиги билан боғлиқ махфий қарзларни пайдо қилади.
Учинчи муаммо дефляция хавфининг кўтарилиши билан боғлиқ. Бугунги инқироз нафақат чуқур ресессияни юзага келтирди, шунингдек, бозорларда ортиқча маҳсулотнинг тўпланиб қолишига (машиналар), меҳнат бозоридаги ишсизлик, нефть ва саноат металлари нархларининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлди. Бу эса қарздорлик дефляцияни пайдо қилади ва қарзни тўлай олмасликка сабаб бўлади.
Тўртинчи муаммо – валюталар қийматининг қадрсизланиши. Марказий банклар дефляциянинг салбий таъсирини камайтиришга уринадилар ва қарзлар миқдорининг ортиб кетиши билан боғлиқ вазиятда фоиз ставкаларини кескин кўтарилишини олдини олишга ҳаракат қиладилар. Шу сабабдан монетарй сиёсат ноанъанавий тус олади ва ҳавфларга тўла бўлади. Қисқа муддатли истиқболда эса инқироз ва дефляциянинг олдини олиш учун ҳукуматлар бюджет тақчиллигини монетизасия қилишга тўғри келади. Аммо протексионист сиёсатининг қайтадан тикланиши стагфлясияни юзага келтиради.
Бешинчи муаммо – рақамли иқтисодиётдаги кенг ва кескин ўзгаришлар. Миллионлаб инсонлар ўз ишидан айрилаётган ёки кам ишлаб топаётган бир шароитда XXI аср иқтисодиётида даромадлар ва бойликлар ўртасидаги фарқ жуда катта бўлади. Ишлаб чиқариш занжирлари узилиши оқибатида бизнес заводларини ўзларининг минтақаларига кўчира бошлайди. Бироқ бу ишлаб чиқаришнинг янада автоматлаштирилишига, иш ҳақлари миқдорининг пасайишига олиб келади. Натижада, популистик сиёсат, миллатчилик ва ксенофобия юзага келади.
Деглобализация эса олтинчи муаммодир. Пандемия эса жаҳон иқтисодиётининг бир-биридан узилиш жараёнини тезлаштирди. АҚШ ва Хитой ўртасидаги алоқалар узилиши янада тезлашади. Аксар мамлакатлар бунинг таъсирида ўз иқтисодиётларини протексионизм сиёсати билан ҳимоя қилишга уринади. Пандемиядан сўнг товарлар, хизматлар, капитал, ишчи кучи, технологиялар ва ахборот алмашиш борасида сиёсат кескинлашади. Айни пайтда озиқ-овқат, дори-дармон каби маҳсулотларнинг экспорти протексионист сиёсати натижасида анча камайди.
Бу эса ўз навбатида демократиядан норозилик кайфиятини юзага келтиради. Бундай вазиятда эса либерал популистлар яхшигина фойдаланиб қолади. Сабаби улар ишсизлик сонининг ўсиши, заиф иқтисодиёт ва тенгсизликнинг кучайишидан манфаатдор.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги геостратегик қарама-қаршилик – саккизинчи муаммо. Сабаби АҚШ президенти COVID-19 пандемияси учун бор мағзавани Хитойга ағдаришга ҳаракат қилар экан, Хитой томони ҳам АҚШ-Хитой иқтисодиётининг тинч ривожланишига тўсқинлик қилмоқда деган сиёсатни юргизишда фаоллашади. Савдо-сотиқ, технологиялар, сармоялар, ахборот алмашинуви борасида АҚШ ва Хитой муносабатлари узоқлашиш кузатилади.
Энг ёмони эса АҚШ бир тарафда, Хитой, Россия, Эрон ва Шимолий Корея иккинчи томонда, янги совуқ урушнинг бошланишидир. АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари бошланиш арафасида экан, янги кибер ҳужумлар турли хил низо ва истилофларни юзага чиқаради.
Ўнинчи муаммо эса экологик ўзгаришлар. COVID-19 шароитида юзага келган иқтисодий тартибсизлик молиявий инқироздан ҳам оғирроқ инқирозларга олиб келади. 1980 йилларда авж олган VICH, 2003 йилдаги SARS, 2009 йилдаги H1N1, 2011 йилдаги MERS ва 2014–2016 йиллардаги эбола каби эпидемияларнинг мунтазам равишда такрорланиши иқлим ўзгариши каби фалокатларга олиб келади. Бу энг аввало тиббий санитария стандартларининг сифатсизлиги, табиий бойликларни суиистеъмол қилиш ва глобаллашган дунёда муносабатларнинг чамбарчас боғлиқлиги билан ҳам изоҳланади. Келгусида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар ҳукуматлар учун оғриқли, қимматга тушадиган жараёнга айланади.
Бундай таҳдидларни COVID-19 пандемиясидан олдин ҳам кузатиш мумкин эди. COVID-19 эса бу муаммолар дунё ҳамжамиятини оғир кечадиган ўн йилликка маҳкум эканини янада тезлаштириб юборди. 2030 йилларга бориб тараққий этган технологиялар ва оқилона сиёсий раҳбарлик бу муаммоларнинг салбий таъсирларини йўққа чиқариши ёки камайтириши мумкин. Бахтли якун эса халқаро ҳамжамиятнинг қанчалик бир-бири билан ҳамкорлик қилишига боғлиқ бўлиб қолади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)