Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бири бузилиб, сув тошқини юз берганидан сўнг ўнлаб фуқаролар тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов маълум қилди.

Эвукация қилинган аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Содиқовнинг сўзларига кўра, фавқулодда вазият оқибатида 56 нафар фуқаро турли хил жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Умуман, 17,3 минг киши тиббий кўрикдан ўтказилган.

Жабрланувчиларнинг аҳволи ҳақида қўшимча ахборот берилмаган. Қайд этиш жоиз, Сирдарё вилоятидаги фавқулодда вазият юзасидан берилган дастлабки ахборотларда тан жароҳати олганлар ва қурбон бўлганлар ҳақида маълумот келиб тушмаётгани таъкидланган эди.

Маълумот учун, Сардоба сув омборидаги авариядан сўнг воқеа жойига зудлик билан Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов етиб борган; сув омбори яқинидаги Қўрғонтепа ва Дўстлик аҳоли пунктлари тошқиндан жиддий зарар кўрган, хавф ҳудудидаги 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Сирдарё вилоятида бўлиб турибди. У 1 май куни Оқолтин туманида аҳоли билан бўлган мулоқотда «шароит яхшиланмагунича, раҳбарларнинг бирортаси, мен бош, ҳеч қаерга кетмайди», деб таъкидлаган эди. Таъкидлашларича, аварияга кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган.

Маълумот учун, содир бўлган фавқулодда вазият юзасидан ФВВда колл-центр фаолияти йўлга қўйилган. Ташкил этилган тезкор рақам кучайтирилган тартибда ишламоқда. Қўнғироқлар 1205 ва 1250 қисқа телефон рақамлари орқали қабул қилинмоқда.