Қашқадарё вилоятида сўнгги бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 1 май куни, ССВ матбуот хизмати хабар берди.

«Бугун вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган сўнгги бемор буткул соғайди. У вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, соғайган бемор (эркак) 36 ёшда бўлиб, Чироқчи туманидан. У коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлиб, ушбу инфекцияни юқтириб олган.

Эндиликда вилоятда барча беморлар буткул соғайиб, республикада коронавирусдан холи иккинчи ҳудудга айланди. Бундан аввал Жиззахда коронавирусга чалинган бирорта бемор қолмагани хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарёда коронавирус инфекциясига чалинган жами 6 нафар бемордан 5 нафари бир оиланинг аъзоларидир. Беморларнинг барчаси Чироқчи туманидан бўлиб, коронавирусга чалинган бемор билан мулоқот орқали юқтириб олган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 1133 нафарга етгани хабар берилган эди. Шундай қилиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 1134 нафарга етди.

Коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони эса 1 май соат 10:00 ҳолатига кўра 7 кишига кўпайиб, 2046 нафарга  етган.