Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 5 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 2 нафар, жами 7 нафар бемор коронавирус инфекциясидан буткул соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Хабарга кўра, улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилган.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалган икки аёл, бир эркак ва бир нафар чақалоқ Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. Улар касалликни коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олган. Беморларнинг энг ёши каттаси 57 ёшда, чақалоқ эса 2020 йилда туғилган.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалган беморларнинг бири 37 ёшли аёл, у Навоий вилоятида яшайди. Бемор Москва—Тошкент йўналишида чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Яна бир аёл эса Тошкент шаҳрида истиқомат қилади ва 23 ёшда. У коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Тошкент шаҳрида эпидемия бошланганидан бери аввал 357 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 364 нафарга етди.

30 апрель соат 21:20 ҳолатига кўра, бир сутка ичида 37 нафар бемор тузалган, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганларнинг умумий сони 1133 нафарни ташкил қилган.

Аввал Ўзбекистонда тузалганлар сони 1126 нафарга етгани хабар қилинганди. 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг тўққиз нафари вафот этди. Мамлакатда 28 апрелдан буён соғайганлар сони айни вақтда касалликдан даволанаётганлар сонидан кўп бўлиб турибди. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони эса 30 апрель 10:00 ҳолатига кўра 2017 нафарга етган.