Жиззах вилоятидан ўтган Тошкент—Термиз йўналишли М-39 йўлида ҳаракатланиб келаётган Matiz автомобили аварияга учраши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълумотларга кўра, 29 апрель куни соат 18:00 ларда Пахтакор туманида 25 ёшли Б.Э. Matiz автомашинасини бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган. Оқибатда машина йўлнинг ўнг четига чиқиб, ағдарилиб кетган.
Кўнгилсиз ҳодиса оқибатида Б.Э. ва автомашина салонида йўловчи сифатида кетаётган 13 ёшли З.Э. ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Автомобиль салонида бўлган бошқа йўловчилар — 35 ёшли М.М., 14 ёшли У.Э., 12 ёшли А.Э. ва 6 ёшли С.Э. тиббиёт бирлашмасига турли тан жароҳатлари билан ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)