Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Бухоро вилоятининг Олот тумани марказида ҳудуд фаоллари билан учрашув ўтказди. Президент вилоятга 27 апрель оқшомида ёпирилган кучли шамол оқибатларини бевосита кўздан кечириш мақсадида ташриф буюрган эди.
Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан мулоқот чоғида бирорта хонадон, бирорта корхона, даладаги бирорта ғалла, бирорта фермерга зарар етказилмаслигини таъкидлади. «Ғалла бузилган жойда пахта экамиз. Меҳнат қиламиз, жипслашамиз. Эртага даромадимиз бундан ҳам кўп бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг таъкидлашича, Қоракўл ва Олот туманида қишлоқ хўжалиги табиий офатдан жуда катта талафот кўрган. «Ғалла камроқ бўлади. Ҳеч нарсани ўйламанглар — ғаллани захира қилиб қўяман. Негаки у тановул учун керак. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳеч ўйламанглар. Ғалла бузилган жойда оби-тоби келганда пахта экиб юборамиз. Меҳнат қиламиз, пахта бўлади», — деди давлат раҳбари.
«Кутиб ўтирсак, ким бизга бир сўм олиб келади, ким даромадимизни ўйлайди? Ҳеч ким ўйламайди. Ўзимиз ўйлашимиз керак. Қўлимиздан келадими пахта экиш? Келади. Ўрганган деҳқонларимиз бор. Жуда катта миришкор деҳқонларимиз бор. Фақат салгина сабр-тоқат, чидам керак. Бу кунлар ҳам тарихимизда бир синовдек бўлиб қолади», — дея қўшимча қилди Президент Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)