Ҳукумат қарорига мувофиқ, Валерий Тян Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берган.
У хорижий алоқалар ва ватандошлар билан ишлаш бўйича фаолиятга раҳбарлик қилади.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» собиқ раҳбари, собиқ сенатор Валерий Тян ушбу лавозимда Эркин Ҳамроев ўрнини эгаллади. Аввал Ҳамроевнинг Ташқи ишлар вазирига ўринбосар этиб тайинлангани хабар қилинганди.
Валерий Тян 2002 йил июнь ойидан 2017 йил августига қадар қарийб 15 йил давомида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясини бошқарган. Республикада хизмат кўрсатган транспорт ходими ҳисобланади. «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» ҳамда «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.
2010 ва 2015 йилларда Президент фармонига биноан Валерий Тян Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб тайинланган. 2020 йил 17 январда Тяннинг сенатор сифатида парламентдаги фаолияти тугагани маълум қилинган.
Изоҳ (0)