Америкалик марҳум хонанда ва актриса Уитни Хьюстон ҳаёти ҳақида фильм суратга олинади, деб хабар берди Reuters.

Фото: Reuters

Картина хонанданинг энг хит қўшиқларидан бирининг номи билан «I wanna dance with somebody» (Ким биландир рақсга тушмоқчиман) деб аталади.

Уитни Хьюстоннинг продюсери ва устози Клайв Дэвис фильм суратга олиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.

Фильм ижодкорларининг айтишича, яратилаётган асарда Уитни Хьюстон ҳаётидаги ва фаолиятидаги ютуқлар, йўқотишлар ҳақида ҳикоя қилинади. Қўшимча қилинишича, фильмда суперюлдуз муваффақиятга эришиши учун тўлаши керак бўлган қиймат ҳақида очиқ ошкора маълумот берилади.

Фильм сценарийси «Bohemian Rhapsody» муаллифи Энтони МакКартен томонидан ёзилади. У билан музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳозирча актёрлар таркиби ҳам, премьера санаси ҳам аниқланмаган.

Олти марта Грэмми мукофотини қўлга киритган Уитни Хьюстон 2012 йилги Грэмми тақдимотидан бир кун аввал 48 ёшида тақиқланган модда қабул қилганидан сўнг Беверли-Хиллздаги меҳмонхонасининг ваннахонасидан ўлик ҳолда топилган. У узоқ йиллар мобайнида наркоқарамлик билан курашган.