Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан маблағ сарф қилинмоқда. Жонлантириш бўлимида ётган оғир аҳволдаги ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўмдан маблағ сарфланмоқда. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 23 апрель куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бирига 14 кунлик карантин даври учун 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан сарфланмоқда.

«Қайд этиб ўтиш керакки, коронавирусга чалинган ёки касаллик гумон қилинган беморларни даволаш, шунингдек, карантинга жойлаштирилганларга қараш давлат маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилмоқда», — деб таъкидлади Алишер Шодмонов.

Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги молиялаштириш нуқтаи назаридан ҳеч қачон бундай эркин ишламаган.

Вазирнинг сўзларига таяниб, «Gazeta.uz»нинг ёзишича, вазирликга 5,4 триллион сўм, шу жумладан 3,9 триллион сўм давлат бюджетидан ва 1,2 триллион сўм Инқирозга қарши кураш жамғармасидан ажратилган. Шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг 32 миллион доллар маблағи ҳам ўзлаштирилган. Бундан ташқари, жиҳозлар ва қурилмалар сотиб олиш учун 150 миллион долларга шартномалар имзоланган.

Алишер Шодмоновнинг айтишича, коронавирусни аниқлаш бўйича шу пайтгача 210 мингтадан ортиқ тест ўтказилган. Мамлакатда айни пайтда коронавирусга чалинганлар сони 1716 кишини ташкил этмоқда. Беморларнинг 18 нафари оғир аҳволда, 6 нафари ўта оғир аҳволда, 12 киши нисбатан оғир аҳволда. Шу пайтга қадар 455 нафар бемор тузалган. 7 киши касаллик қурбонига айланган.