Англия терма жамоаси ва «Лидс» клуби собиқ футболчиси Норман Ҳантер коронавирус туфайли 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақида «Лидс» расмий сайти маълум қилди.
Норман ўтган ҳафта коронавирус ташҳиси билан шифохонага ётқизилганди. 17 апрель тонгида собиқ футболчи ҳаёт билан видолашган.
«Унинг ўлими «Лидс» оиласини чуқур қайғуга солди. Ҳантернинг мероси ҳеч қачон унут бўлмайди. Бизнинг фикру хаёлимиз оғир жудоликка учраган Норманнинг оила аъзолари ва дўстлари билан», — дейилади клуб баёнотида.
Ҳантер Англия терма жамоаси билан 1966 йили Жаҳон Чемпионлигини қўлга киритган, Евро—1968 мусобақасида эса бронза медалига сазовор бўлган. У 1962 йил 18 ёшида «Лидс» сафида дебют қилади ва 1976 йилгача жамоа либосини ҳимоя қилади. «Лидс» сафида у икки бор Англия чемпионатида ғолиб чиқади, шунингдек, мамлакат Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритади.
Мавзуга доир: «Ҳиллсборо фожиаси»да омон қолган «Ливерпуль»нинг 65 ёшли мухлиси коронавирусдан вафот этди
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)