Саудия Арабистони қироллик оиласининг 150 нафардан ортиқ шаҳзодаси коронавирус юқтириб олган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, The New York Times хабар берди.

Фото: «МК»

Маълум қилинишича, қироллик оиласига хизмат кўрсатувчи Қирол Файсал номидаги касалхонада 500 та ўрин тайёрлаб қўйилган. Касалхонанинг реанимация бўлимида шаҳзодалардан бири — Ар-Риёд губернатори ётибди.

Қайд этилишича, 84 ёшли қирол Салмоннинг ўзи Қизил денгиздаги оролда жойлашган саройида «ўзини яккалаш» режимига ўтган. Шунингдек, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ал Сауд ва барча вазирлар ҳам «ўзини яккалаш» режимида турибди.

Саудия Арабистони коронавирусга қарши кураш бўйича қатъий чоралар кўрган, мамлакатнинг барча йирик шаҳарлари ёпилган. Мамлакатда комендантлик соати жорий қилинган. Айни пайтда қиролликда коронавирусга чалинганлар сони 2900 кишидан ошган, 631 киши тузалган, 41 киши вафот этган.

Аввалроқ Саудия Арабистони Рамазон ойида масжидларни очишни режалаштирмаётгани ҳақида хабар берилган эди.