Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканали орқали қилган чиқишида аҳолини эҳтиёт бўлишга ва ўз яқинларини коронавирус хавфидан огоҳ этишга чақирди.
Ўзбекистонда касаллик дастлаб 15 март куни қайд этилган бўлса, мана 17 кун ўтибдики, касалланганлар сони 221 нафарни ташкил этди. Вазият жиддий эканлиги ҳар биримизни сергак торттириши керак. Таваккал қилишга, саломатлигимиз билан ўйнашишга ҳақимиз йўқ. Бошқаларни хавфга қўйиш, бошқаларга касаллик юқиш эҳтимолини юзага келтириш ва республикада вазият чигаллашиб кетишига олиб келишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Буни ҳар ким ёдида тутиши керак.Маълумот учун, 3 апрель Тошкент вақти билан соат 09:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган жами беморлар сони 221 нафарга етди — улардан 25 нафари соғайиб, реабилитацияга ўтказилган, икки нафари эса вафот этган.Илтимос, бу фикрларни оила аъзоларингизга, яқинларингизга имкон қадар кўпроқ етказинг. Вазият мураккаблашиб кетганида бу ишларни қилишга анча кеч бўлади. Адабиётлардан ва олимларнинг кузатувларидан маълум бўляптики, бир кишидан 400 дан ортиқ одамга касаллик юқиши мумкин. Шундай экан, тасаввур қилинг, мана шу 221 нафар бемор вақтида изоляцияга олинмаганида эди, одамларнинг орасида қолганида эди, қандай вазият юзага келиши мумкин эди. Эҳтиёт бўлинг. Онгли равишда йўл тутинг.
Нурмат Отабеков, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи
Изоҳ (0)