Бугун коронавирус сабабли Москвада ҳам қатъий карантин чоралари жорий этилди. Акс ҳолда, математик моделга кўра, 100 мингдан зиёд одам касалликдан вафот этиши мумкин эди. Meduza эса Михаил Таммнинг Москва учун ишлаб чиққан тадқиқот ва прогнозларини эълон қилди. «Дарё» мақолани таржима тариқасида тақдим этади.

Фото: Scanpix

Москва мэри Сергей Собянин шаҳар аҳолисининг кўчада ҳаракатланиши учун қатъий чекловлар жорий этди. Агар бундай чоралар кўрилмаганда оқибат қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида Москва давлат университети доценти Михаил Тамм ишлаб чиққан компьютер модели натижалари айтиб турибди. Иллинойс штати ҳукумати ҳам Чикагода шу сингари қатъий карантин жорий қилишдан аввал мазкур компьютер моделидан фойдаланган.

Хулоса шундай, Россия пойтахтида иложи борича зудлик билан одамларнинг ўзаро муомаласини кескин камайтириш керак! Фақат шу йўл билангина эпидемияни жиловлаш ҳамда тиббиёт муассасаларининг тўлиб-тошишининг олдини олиш, минглаб ўлим ҳолатларига йўл қўймаслик мумкин.

Модель ва унинг хулосаси ҳақида асосий гаплар

SEIR модели — эпидемиянинг тарқалиши ва унга қарши чораларнинг таъсирини прогноз қилиш учун қўлланиладиган энг кенг тарқалган воситадир. Янги турдаги коронавируснинг эпидемик ўзига хосликларини эътиборга олган ҳолда, Базель университетида Ричард Нейер ва унинг ҳамкасблари томонидан 2020 йилда модель янада такомиллаштирилди. SEIR нинг ушбу талқинига кўра, олинган ҳисоб-китоблар Иллинойс штати ва унинг йирик шаҳри бўлмиш Чикагода чеклов чораларини кўриш ҳақидаги қарор қабул қилишда фойдаланилган.

SEIR моделининг асосий хоссаси бу «эпидемик ўтиш» номли кўрсаткичнинг мавжудлиги бўлиб, унга кўра, модель R0 кўрсаткичдан келиб чиқиб, турлича кескинлик прогнозларини беради. R0 — вирусни юқтириб олган ва бу ҳақида ҳали ўзи бехабар бўлган бир нафар касаллик ташувчи одамнинг ўзида инфекция борлигини билгунига қадар муддатда ўртача неча нафар кишига вирус юқтириши сонидир.

Агар R0 бирдан кичик сон бўлса, унда эпидемия сусаймоқда ва аксинча, агар у бирдан катта сон бўлса, демак кўп сонли одамларга вирус юқяпти ва катта сондаги аҳоли касалланмоқда, демакдир. R0 нинг қиймати вируснинг ўзига хосликлари ва унга нисбатан (вакцинация натижасида ёки касалланиб тузалиб чиқиш орқали) иммунитет ҳосил қилган аҳоли сонидан келиб чиқади ҳамда эпидемиянинг олдини олиш учун ишга солинган турли чора-тадбирлар (карантиннинг турли шакллари)нинг самарасига ҳам боғлиқ бўлади.

Модель берилган шартларга кўра, касалликнинг қандай тезлик билан тарқалиши мумкинлигини кўрсатиб беради ва умумий сонда нечта одамга касал юқиши мумкинлиги, неча киши ўлиши ҳамда яна қанча бемор оғир аҳволда бўлишини прогнозлайди. Бир вақтнинг ўзида жами қанча оғир аҳволдаги бемор мавжуд бўлиши сони билан мавжуд тиббиёт тизимининг имкониятлари, касалхоналардаги ўрин-жойлар сони, тиббиёт ходимлари сони ва ҳоказолар таққосланса, амалдаги тиббиёт тизимининг эпидемияга қарши курашишда қурби етадими, йўқми — аниқлаш мумкин бўлади.

Шунга биноан, беморларнинг ёпирилиб кела бошлашига алоҳида қаровга муҳтож қатламга ёрдам кўрсата олиш имкониятига баҳо бериш керак бўлади. Коронавирус билан бўлаётган вазиятда бу кўрсаткич касалхоналардаги реанимация шароитлари, ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналарининг мавжудлиги сингари ҳал қилувчи техник имкониятлардан иборат бўлади ва айнан шу жиҳатлар — алоҳида қаровга муҳтож кишилар учун зарурий шароит, деб ҳисобга олинади.

Фото: Google Photos

COVID-19 учун такомиллаштирилган мазкур компьютер модели вирус юзага келтирган эпидемиянинг қуйидаги барча асосий жиҳатларини қамраб олган:

  • оғир аҳволдаги беморлар сони ва беморларнинг ёшидан келиб чиққан ҳолдаги ўлим кўрсаткичи. Оғир ҳолатлар, одатда, ёши катта беморларда кузатилиши боис хатар эҳтимоли остидаги аҳолининг ёш структураси эътиборга олинади;
  • касалликнинг инкубацион ва юқумлилик даври муддати;
  • касаллик аломатлари сезилмасдан ўтиб кетганлар бўлиши эҳтимоли ва етарлича тест ўтказилмагани сабабли аниқланмай қолиб кетган касалларнинг бўлиши мумкинлиги эҳтимолидан келиб чиққан, қайд қилинмай қолган беморлар миқдори;
  • вируснинг мавсумийлигидан келиб чиққан ҳолдаги юқумлилик кўрсаткичининг ўзгариши;
  • эпидемиянинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг R0 + га нисбатан самарадорлиги;
  • ҳудуддаги тиббиёт тизимининг салоҳияти — ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналари сони ҳамда касалхоналардаги реанимация бўлимларидаги ўрин-жойлар сони.

Айнан шу модель асосида махсус хулоса келтириб чиқарилган ва у АҚШдаги энг йирик шаҳарлардан бўлмиш Чикагода қатъий карантин чораларини кўриш учун ҳужжат — асос бўлиб хизмат қилган.

Чикагони қандай ёпишди

Иллинойсда COVID-19 юқтирган биринчи бемор ҳақидаги хабар 2020 йилнинг 24 январида, АҚШда коронавирус юқтирган илк бемор аниқланганидан уч кун кейин пайдо бўлган. 18 март куни касалланганлар сони 288 нафарга етганда Иллинойс университети қошидаги Карл Войс номли ирсий биология институти ходимлари Сергей Маслов ҳамда Найжел Голденфельд томонидан юқоридаги айтилган модель асосидаги эпидемия тарқалишининг эҳтимолий ҳисоб-китоблари эълон қилинди (улар билан arXiv ва MedArxiv базаларида танишишингиз мумкин).

SEIR тақдим этган хулоса даҳшатли эди. Унга кўра, фақат энг қатъий ва кескин чеклов чораларигина ўлим сонининг ўта юқори бўлишининг олдини олиши ва тиббиёт тизимининг коллапсга йўлиқишидан сақлаб қолиши мумкин! Шунингдек, чораларнинг самарадорлиги ҳам уларнинг қанчалик эрта ёки кеч жорий қилиниши билан боғлиқ бўлиб, агар энг кескин чоралар кўрилиши ҳам бироз кеч қоладиган бўлса, ундан самара бўлмаслиги мумкин эди.

Чикаго билан бўлган ҳолатда шаҳар учун критик кун 1 апрель деб тахмин қилинган. Агар аҳолининг уйдан чиқмасдан ўтириши таъминланса, ушбу чора сентябрга бориб юзага келиши мумкин бўлган ўлим кўрсаткичини олти баробар (!) қисқартиришга ёрдам беради. Кескин карантин чоралари кўрилмаса ва аҳолини уйда қолишга мажбурланмаса, Чикагода коронавирус эпидемияси 7 445 та ўлимга олиб келиши прогноз қилинди. Агар аҳоли уйда қолса ва карантин чораларига амал қилса, ўлим кўрсаткичи узоғи билан 1 151 нафарга боради.

Маслов ва Голденфельд олган моделлаштириш хулосаси Иллинойс штати ҳукуматига тақдим қилинди. Олимларнинг хулосасига таянган ҳолда, штат губернатори 20 март санасидаёқ кескин карантин чораларини жорий қилиш борасидаги қарорни имзолади. Унга кўра, одамлар тўпланадиган барча жойлар (ресторан, кафе, бар ва ҳоказолар) ёпилди ва одамларнинг кўчага чиқиши ҳам тақиқланди. Фақат дорихона, дўкон ва банкка чиқиш мумкин, шунингдек, югуриш ва велосипедда сайр қилишга ҳам рухсат берилди, фақат оралиқ масофани сақлаш талабларига риоя этиш шарт. 10 тадан ортиқ одам бир жойга тўпланиши қатъиян ман қилинган.

Ҳозирда АҚШнинг 50 штатида коронавирусга чалинган касаллар мавжудлиги тасдиқланди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда. Лекин фақат 15 та штатдагина турли даражадаги чеклов чоралари жорий қилинди. 27 март куни касалланганлар сони 85 мингдан ошиб кетди. АҚШ коронавирус юқтирганлар сони бўйича етакчи бўлиб олди.

30 мартга келиб ушбу вирусдан ўлганлар сони 2 513 нафарга етди. Энг оғир аҳвол Нью-Йоркда: бу шаҳарда 32 мингдан зиёд одам вирус юқтирди ва 678 нафар бемор вафот этди (Нью-Йорк штатида эса 59 мингдан ортиқ одам юқтирди ва 965 киши ўлди). Нью-Йоркда ҳам Чикаго билан бир кунда кескин чеклов чоралари жорий қилинди. Бироқ бу пайтга келиб, Нью-Йоркдаги касалланганлар сони Иллинойсдагидан аллақачон 15 баравар кўп эди.

Фото: Google Photos

27 март ҳолатига кўра, Иллинойсда уч мингга яқин юқтирган одам аниқланди ва улардан 34 нафари вафот этди. Юқтирганларнинг тенг ярми ва ўлганларнинг 12 нафари Чикаго шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Маслов ва Голденфельднинг прогнозлари ўзини қанчалик оқлайди — буни ҳали вақт кўрсатади. Уларнинг моделида коронавирус инфекциясининг инкубацион даври 5 кундан 14 кунгача деб олинган.

Агар Москва ва Россияда ҳеч қандай чеклов чоралари кўрилмаса, сентябрга бориб Россия пойтахтида 117 минг нафар одам мазкур касалликдан ўлиб кетган бўлади. Эпидемия чўққиси май ойининг ўртасига тўғри келади ва шундан кейин у ўз-ўзидан сусаяди (чунки бу пайтга келиб, аҳолининг катта қисми касалланиб-тузалиб бўлади ва иммунитет ҳосил қилиб олади). Эпидемия чўққига етган пайтда Москвада 48 минг реанимация ўрни керак бўлади. Амалда эса шаҳарда 2,5 минг беморга мўлжалланган реанимация жойи бор, холос.

28 мартга қадар ҳукумат кўрган нисбатан енгил чеклов чоралари билан ўлимлар сонини 92 мингтагача камайтириш мумкин, холос. Шунда эпидемия чўққига чиққан пайтда 32 минг нафар оғир аҳволдаги бемор мавжуд бўлади ва энг оғир пайт июнь бошига тўғри келади. Демак, бу ҳолатда мавжуд тиббиёт тизими юзага келадиган зўриқишга дош бера олмайди ва касалларнинг ҳаммасига ҳам ёрдам кўрсатишга улгурмай қолади. Шунда ҳам эпидемиянинг иккинчи тўлқини шошириб қўймаса (башарти, у ҳали бошланмай турса).

Вазиятни ўзгартириш учун фақат энг кескин қатъий чеклов чораларигина ёрдам бериши мумкин. Бундай чораларга заруриятсиз кўчага чиқмаслик ва карантин қоидаларини бузганлик учун жиддий жазолаш сингарилар киради. Лекин юқорида ҳам айтилганидек, бу сингари энг кескин чораларнинг ҳам самараси уларнинг айнан қачондан (қанчалик эрта) жорий қилингани билан боғлиқ бўлиб, Москвада мазкур қатъий чоралар ушбу ҳафтадан амалга киритилгани эътиборга олинса, SEIR модели ушбу вазиятдан келиб чиқиб, бошқачароқ прогнозларни беради.

Унга кўра, агар ҳамма уйда қолса ва карантин чораларига амал қилинса, эпидемиянинг чўққиси Москвада апрель ўртасига тўғри келади ва ўлим сони 250 нафар атрофида бўлади; эпидемия чўққига чиққан вақтда эса кўпи билан 80 нафар оғир аҳволдаги беморга реанимация ўрни керак бўлади. Агар кескин карантинни кечроқ жорий қилинганда, ўлим сони ва реанимациядаги жойга талаб ҳам бир неча карра ошиб кетади.

SEIR компьютер моделининг Москва учун тақдим қилган прогнози

Коронавирус инфекциясининг Москва учун прогнозлари ва сценарийлари:

1. Эпидемияларни моделлаштириш тамойиллари. SIR ва SEIR моделлари ва уларнинг турлари

COVID-19 эпидемиясининг шиддат билан авж олиши шароитида воқеаларнинг эҳтимолий ривожланиш йўналишини баён қилиб берувчи математик моделларга катта эътибор юзага келмоқда: вазият жадал ўзгармоқда ва ҳукумат ҳамда аҳоли муайян қарорларни қабул қилишда таянса бўладиган қандайдир мўлжалга эҳтиёж сезяпти. Бахтимизга, илм-фаннинг тегишли соҳаси анчайин ривожланган ва олимлар касалликнинг қандай тарқалишини прогноз қилиш учун керакли бўлган етарлича воситаларга эга.

Касаллик тарқалишини прогноз қилиш учун асосий модель ёки бу борадаги «олтин стандарт» SIR модели деб номланади ва у инглизча Susceptible (заифлик), Infected (юқтирган) ҳамда Recovered (тузалиб кетган) сўзларининг бош ҳарфларидан ясалган номдир. Мазкур модель 1920 йилларда шотландиялик эпидемиологлар Кермак ҳамда Маккендрик томонидан таклиф қилинган бўлиб, у жуда яхши ўрганиб чиқилган ва бу ҳақидаги батафсил маълумотларни кўплаб қўлланмалардан топиш мумкин.

Ушбу моделга кўра, аҳолининг барча қисми ўзининг касалликка нисбатан таъсирчанлигига қараб бир неча гуруҳларга ажратилади. Булар заиф гуруҳ (S), юқтирганлар (I), тузалганлар (R) гуруҳи бўлади. Вақт ўтиши билан бир одамнинг S→I→R тарзида гуруҳдан гуруҳга ўтиши кузатилиши мумкин.

Моделнинг содда кўринишида шундай тасаввур қилинади:

1. вақт бирлиги ичидаги тузалганлар сони юқтирганлар сонига пропорционал бўлади (ҳар бир юқтирган бемор вақт бирлиги ичида тузалиш эҳтимолининг қатъий кўрсаткичига эга бўлади);

2. Юқтиришлар сони юқтирганлар сони билан заифлар сони кўпайтмасига тенг бўлади. Ушбу тахмин касалликнинг юқиш жараёни хавфли контакт содир бўлганда, юқтирганларнинг заифлар билан алоқа қилишдан юзага келади, деган фикрга асосланади. Агар аҳоли орасидаги вақт бирлиги ичидаги ўзаро контактлар сони доимий (ўзгармас) бўлса ва аҳоли ҳаракати жадал бўлса, хавфли контактлар миқдори юқтирганлар ва заифлар сони кўпайтмасига пропорционал бўлади.

SIR моделида иккита муҳим параметр мавжуд. Биринчиси t —  тузалиш учун кетадиган ўртача вақт; ҳамда иккинчиси R0 — юқтиришлар ва тузалишлар сонининг ўзаро нисбатига тенг бўлган коэффициэнт, «юқтириш коэффициэнти» бўлади (бу — инфекцияни юқтириб олган бир нафар беморнинг, ўзи бутунлай тузалиб кетгунига қадар бўлган вақт ичида ўртача нечта одамга юқтириши эҳтимолини белгиловчи сон дейиш мумкин).

Фото: Google Photos

SIR моделининг асосий ўзига хослиги эпидемик ўтиш йўналишидир. Бунда эпидемиянинг қандай кечиши, R0 нинг бирдан катта ёки кичик эканидан келиб чиқиб кескин ўзгариши мумкин.

Агар R0< 1 бўлса, эпидемия йўқола бошлайди; агар R0> 1 бўлса, эпидемия кучая бошлайди ва аҳолининг катта қисмини қамраб олади. Айнан қанча қисмини эпидемия қамраб олиши эса R0 нинг аниқ қийматидан келиб чиқади. Лекин бу қийматнинг арзимас ўзгариши ҳам умумий аҳоли сонининг ўнлаб фоизларини эпидемия қамраб олишини белгилаши мумкин. Масалан, R0 = 2 бўлса, эпидемия туфайли аҳолининг 80 фоизгача бўлган қисми касалликка йўлиқиши мумкин дейилади.

Аҳолининг катта қисми мазкур касалликка қарши эмланган бўлса, эпидемик ўтиш R0 бўйича кичикроқ сонни кўрсатади ва эмланганлар сони юқори бўлса, эпидемия тезлик билан тўхтайди. Бу ҳодиса фанда «гуруҳли иммунитет» дейилади ва у аҳолини оммавий эмлаш тадбирларининг асосини ташкил қилади.

SIR модели юқумли касалликларнинг тарқалиш динамикаси борасида асосий сифат кўрсаткичини тақдим қила олади; бироқ миқдор динамикасини моделлаштириш учун муайян аниқ  бир олинган касалликнинг клиник хусусиятларидан келиб чиқувчи турли бошқа параметрларни ҳам инобатга олиш талаб этилади. Кўплаб юқумли касалликларнинг ўзига хослиги, унинг қўзғатувчисининг инкубацион даври қанча экани билан боғлиқ бўлади.

Бу давр шундай даврки, у пайтда одам ўзи аллақачон касалликни юқтириб олган бўлса-да, бундан ҳали ўзи бехабар бўлади ва унда касаллик аломатлари ҳали юзага чиқмайди. Шунга қарамай, у атрофдагиларга касаллик юқтириб юрган бўлади. Муайян юқумли касаллик учун ушбу ўзига хосликни, I гуруҳини яна кичикроқ таркибий гуруҳларга бўлиш орқали эътиборга олиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, COVID-19 инфекцияси пандемияси билан рўй бераётганидаги сингари эпидемия тарқалишининг мавжуд тиббиёт тизимига қандай юклама (зўриқиш) келтириб чиқариши эҳтимолини ҳам баҳоламоқчи бўлсак, касаллик туфайли қанча одам ўлиши мумкинлигини тахмин қилишни истасак, унда беморларнинг ҳолатидан келиб чиқувчи яна қатор қўшимча параметрларни инобатга олишимиз зарур бўлади.

Бундай параметрларга, масалан, оғир беморлар сони (бундай беморлар, албатта, касалхонага ётқизилиши шарт бўлган беморлар бўлади) ҳамда ўта оғир беморлар сони (бундай беморларга реанимация ва ўпкани сунъий вентиляция қилиш амалиёти талаб этилади) киради. Ҳамда вафот этганлар сони ҳам эътиборга олиниши шарт бўлади.

Қуйида келтирилган коронавирус эпидемиясининг тарқалиш жараёнини компьютерда моделлаштириш натижалари Базель университети доценти Р.Нейер томонидан айнан COVID-19 вируси инфекциясининг клиник белгилардан келиб чиққан ҳолда таклиф этилган шу сингари қўшимча параметрларни инобатга олган ҳолда шакллантирилган. Ушбу модель COVID-19 эпидемиясини моделлаштирувчи компьютер дастури асосида ишлаб чиқилган.

  1. Москва учун модел параметрларини баҳолаш.

Эпидемия тарқалишини тўғри моделлаштириш учун муқобил асосий моделдан ташқари унга тегишли миқдор қийматларини ҳам тўғри танлай билиш лозим. Бундай параметрларнинг бир қисми вируснинг биологиясидан келиб чиқади ва у универсал бўлиб, бошқа ҳудудлар учун олинган мавжуд маълумотлардан фойдаланиш имконини беради.

Фото: Google Photos

Айрим бошқа параметрлар эса муайян ҳудуд учун ўзига хос бўлиб, бундай параметрларни маҳаллий маълумотлардан келиб чиқиб танлаш керак бўлади. Қуйида моделнинг асосий параметрлари келтириб ўтилган ва улар нисбатан универсал параметрларга нисбатан маҳаллий параметрлар томон ўзгариб боради:

  1. Инкубацион ва юқтириш даврлари.

COVID-19 учун ўртача инкубацион давр беш кун атрофида бўлиши маълум (LauerSA et al. Ann Intern Med 2020 Mar 10). Одам вирусни аллақачон юқтириб олганига қарамай, касаллик белгилари юзага чиқмай турадиган муддат давомийлиги унчалик ҳам аниқ ўлчанмаган, шунга қарамай у тахминан уч кун деб баҳоланмоқда (Y.F.W. Chan et al., Lancet, 395, 514, 2020; J.T. Wu et al., Lancet, 395, 689, 2020). Ушбу параметрлар вируснинг ўзига хос табиий хусусиятлари бўлиб, уларни барча ҳудуд ва минтақалар учун универсал қиймат сифатида қабул қилиш мумкин.

  1. Касалликни қайд этиш, унинг кечиш ҳолати (оғирлик даражаси) ҳамда ўлим кўрсаткичи

COVID-19 нинг энг асосий ўзига хослиги шундаки, касалликнинг кечиши (оғирлиги) кўп жиҳатдан беморнинг ёшига боғлиқдир. Ёш беморларнинг катта қисмида касаллик ҳеч қандай аломатларсиз ёки жуда енгил кечмоқда. Бу омил ҳамма жойда беморларнинг аниқ сонини қайд қилиш борасида реал ҳолатдагидан кўра камроқ кўрсаткич қайд қилинаётган бўлиши эҳтимолини оширади.

Касалликни қайд қилиш услубининг ўзи ҳам турли мамлакатларда катта тафовутларга эга бўлиб, маҳаллий ҳудуддаги одамларни инфекцияга тестдан ўтказиш имконияти (даражаси) ҳамда тест натижаларининг қай тарзда расмийлаштирилишига ҳам боғлиқдир. Касалликка чалиниб, тузалиб кетганларнинг аниқ сонини, аҳолининг катта қисмида антителаларнинг ҳосил бўлганини аниқловчи ялпи тест натижаларидан кейингина белгилаш мумкин. Лекин ҳозирда ҳеч қаерда бундай таҳлиллар ўтказилмаган ва шунинг учун қаердадир тузалиб кетиб бўлганларнинг умумий сони ҳақидаги учраётган маълумотлар жуда борса информацион тахминлардан иборат.

Шунга қарамай, исталган миқдорий модель касалланишнинг ҳақиқий ва кузатилаётган даражалари орасидаги боғлиқлик борасидаги тахминларга таяниши керак бўлади. Нейер моделида ушбу боғлиқлик ёшга доир бир нечта коэффициэнтлардан келиб чиқиб аниқланади. Коэффициэнтларнинг тўлиқ тўплами ва уларнинг ҳар бирининг аниқ мақсади Severity assumptions and age-specific isolation бўлимида келтирилган.

Тахминларга кўра, инфекция юқтирганларнинг ёши 80 ёшдан ошганлари орасида 50 фоизгача бўлган қисмида; болалар ва ўсмирлардан иборат инфекцияни юқтирганларнинг эса 95 фоизгача бўлган қисмида мазкур касаллик шу даражада сезиларсиз ва енгил кечар эканки, уни беморнинг ўзи сезмай ҳам ўтказиб юборади ва натижада, юқиш факти аниқланмасдан ва қайд қилинмасдан мавҳум қолиб кетади.

Мавҳум қолаётган юқтирганлар сони ҳақидаги ушбу тарздаги тасаввурни асослаш учун COVID-19 инфекцияси туфайли содир бўлаётган ўлим ҳолатларининг аҳолини танлов асосида тестдан ўтказган (Италия, Испания) мамлакатлардаги кўрсаткичи билан аҳолини ялпи тестдан ўтказган мамлакатлардаги (Корея, Скандинавия) даражаси кескин фарқ қилаётганини кўрсатиш мумкин.

Оғир аҳволда бўлган беморларнинг ўлим кўрсаткичини уларнинг ёшидан келиб чиққан ҳолдаги таҳлиллари, декабрь февраль ойларида Хитойда кузатилган эпидемия чоғида қайд қилинган 70 минг нафардан зиёд касалланиш ҳолатлари статистикадан келиб чиқиб олинган. Муайян минтақа, ҳудуд ёки мамлакат учун SEIR моделига ўлим кўрсаткичи, ушбу жойдаги аҳолининг ёш структурасидан келиб чиқиб олинади.

  1. Мавсумийлик

Одам популяциясида тарқалиш хусусиятига эга бўлган бошқа турдаги коронавируслар тарқалиши борасида муайян мавсумийликка эгадир. Улар қўзғатувчи тегишли касалликлар, одатда, қишда ва ёзда кўпроқ учрайди. Тахминларга кўра, коронавируснинг юқумлилиги қишда (1 январда энг кўп) 20 фоизга ортади ва аксинча, ёзда (1 июнда энг кам) яна шунчага пасаяди.

Фото: Google Photos

Қисқа муддатли прогнозлар учун ушбу кўрсаткич деярли иккинчи даражали бўлиб, март ойининг охири ва апрелнинг бошига тўғри келаётган ҳозирги шароитда, вируснинг юқумлилик кўрсаткичи унинг йиллик ўртача қийматига тенг бўлиши керак. Бироқ ўрта муддатли, масалан, кейинги бир неча ойга мўлжалланган прогнозлар учун ушбу омил ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлади.

  1. Касалликнинг оғир ҳолатининг кечиши давомийлиги

Бу параметр, оғир аҳволдаги беморларнинг соғайиб уйга жавоб берилишигача ёки аҳволи ўта оғир даражага ўзгариб, реанимация ва ўпкани сунъий вентиляция қилишга ўтказилишигача бўлган вақтда касалхонада ётадиган вақтини назарда тутади. Нейернинг асосий модели ушбу муддатларни мос равишда 4 кун ва 14 кун деб олинади. Иллинойс штати учун Маслов ва Голденфельд шакллантирган моделда эса муддатлар мос равишда 7 кун ва 7 кун деб олинган.

Айтиш керакки, Маслов ва Голденфельд моделидаги прогнозлар нисбатан оптимистик бўлиб, энг заиф нуқта касалхоналардаги мавжуд ўпкани сунъий вентиляциялаш ускуналари сони ҳисобланади. Улар миқдорининг кўплиги ёки битта шундай ускунани бир бемор томонидан имкон қадар қисқароқ вақтга банд қилиниши мавжуд тиббиёт тизимига келадиган юклама-зўриқишни юмшатади ва жараён устидан назорат қилиш имконини беради.

Фото: «Meduza»

  1. Юқтириб-тарқатувчанлик коэффициэнти R0

Инкубацион давр сингари соф биологик параметрлардан фарқли ўлароқ, юқтириб-тарқатиб юриш коэффициэнти R0 турли ҳудуд ва мамлакатлар учун ўзаро фарқли бўлиши мумкинлиги кутилмоқда. Табиийки, аҳоли зичлиги катта бўлган ва одамларнинг ўзаро контакти жуда жадал бўлган йирик шаҳарларда эпидемия ҳам жадаллик билан тарқалади ёки аксинча, аҳоли зичлиги кичик бўлган минтақаларда эса касаллик секинроқ тарқалади деб тахмин қилиш мумкин.

R0 коэффициэнтни қуйидагича тарзда осонроқ тушуниб олиш мумкин: эпидемиянинг дастлабки босқичларида касаллар сони экспоненсиал ўсиб боради, муайян τ2 вақт ичида беморлар сони икки баробардан ошаверади. SEIR модели назариясидан маълумки, R0 ва икки карра кўпайиш вақти орасида R0 = (1+(τe/τ2)ln2) (1+(τi/τ2)ln2) ифодаси кўринишидаги боғлиқлик мавжуд. Бу ифодадаги τэ=5 кун; τи=3 кун бўлиб, у инкубацион ва юқумлилик даврларининг ўртача кўрсаткичлари бўлади; лн2 эса тахминан тақрибан ≈0,693 га тенг бўлиб, бу иккининг ўнли логарифмдир.

Москвада сўнгги 20 кунда қайд қилинган коронавирусга чалинган беморлар сони икки карра кўпайиш вақтининг ўртача 2,8–2,9 кунлик муддати билан экспоненсиал ўсишни намоён этмоқда. Агар аниқланган ҳолатлар сони афтидан кам эканини эътиборга олсак, унинг вақт бўйича унчалик кескин ўзгармаслигини инобатга олсак, юқоридаги формуладан келиб чиқиб, Москва учун март ўртасига R0 = 3,8 ни ҳисоблаб топиш мумкин.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, Ухандаги эпидемия авж олиши пайтида ушбу кўрсаткич турли муаллифлар томонидан 2,2 дан 6,5 гача қиймат билан баҳоланган ва умуман олганда, Ухань учун 3,3 кўринишидаги ўртача қиймат қабул қилинган (Y. Liu et al., J. Travel Med., taa021, 27 (2020). Шу сабабли, Москва учун қилинган ҳисоб-китобни ҳам ҳақиқатдан йироқ деб бўлмайди.

Мавсумийлик эътиборга олинганида, R0 нинг қиймати Москва учун март ўртасида, йиллик ўртача кўрсаткичдан беш фоизга баландроқ бўлиши керак эди. Шу сабабли, моделлаштириш учун кейинги ўринларда R0 = 3,6 деб яхлитлаб олинган қийматдан фойдаланилади.

  1. Вақтни созлаш ва эпидемиянинг бошланиши

1–5 параметрлар киритилганидан кейин энди модель тўлақонли бўлиши учун биз шу лаҳзада, эпидемиянинг айнан қайси нуқтасида турганимизни белгилашимиз керак бўлади. Бу вақтни қайд қилинган касалланишлар сонидан келиб чиқиб белгилаш бирмунча қийинчилик туғдиради, чунки қанча одам юқтиргану, улардан қанчаси тестдан ўтказилиб, касаллиги аниқланганини билмаймиз.

Бошқа тарафдан эса коронавирус сабабли вафот этганлар сони унга чалинганлар сонидан кўра аниқроқ юритилади. Шу сабабли ҳам SEIR моделлаштиришида эпидемиянинг бошланишини белгиловчи таянч нуқта сифатида ушбу касалликдан ўлганлар сони биттадан ортган кунни белгилаш қабул қилинган.

Москва учун бу сана 25 март деб олинади. Шу тариқа, моделлаштиришдаги «инфекцияга чалинганларнинг бошланғич сони» деган эркин параметр учун, «25 март куни Москвада коронавирусдан иккинчи одам ўлди» деган тасдиқни келтириб чиқарадиган репер нуқтаси қабул қилинади.

Фото: «Meduza»

  1. Москва аҳолиси ва унинг ёш структураси

Моделлаштиришда давлат статистика қўмитасининг Москва аҳолиси ва унинг ёш таркиби статистикасининг 2020 йил 1 январь ҳолати учун тақдим қилган маълумотлари асос қилиб олинди.

  1. Эпидемияни жиловлаш

Моделда эпидемиянинг тарқалишини жиловланиши моделлаштириш учун икки хил механизм кўзда тутилади. Биринчидан, вақтда боғлиқ ҳолдаги жиловлаш параметрини киритиш мумкин. Бу кўрилаётган чораларнинг Rюқтириб тарқатиб юриш коэффициэнтини неча мартага камайтиришини ифодалаши керак бўлади. Иккинчидан эса Severity assumptions and age-specific isolation жадвалида Rни муайян аниқ бир ёш тоифаси учун керакли даражага пасайтириш имконини берадиган кўпайтувчини киритиш мумкин.

  • Жиловлаш чоралари кўрилмаган тақдирда эпидемиянинг тахминий ривожланиш йўли

Моделлаштириш учун керакли параметрлар аниқлаб олинганидан кейин ҳеч қандай карантин ва чеклов чоралари кўрилмаган тақдирда эпидемиянинг табиий ривожланиши қандай кечишини прогноз қиладиган экспериментни ишга туширамиз.

Бундай ҳолат учун моделлаштириш натижалари унда юзага келиши мумкин бўлган турли сценарийлари учун олинган натижалари билан бирга қуйидаги жадвалда келтирилган. Унга кўра, эпидемиянинг чўққиси май бошларига тўғри келса, энг кўп ўлим ҳолати май ўрталарига тўғри келиши тахмин қилинмоқда. Эпидемиянинг чўққисида 48 минг нафар бемор интенсив терапияга муҳтож бўлади ва бу биринчи навбатда ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналарига талаб билан боғлиқ бўлади.

Бунда COVID-19 дан эпидемия ҳудудидаги умумий ўлим кўрсаткичи 1 15000 тадан 1 20000 тагача бўлиши мумкин. Ўлганларнинг асосий қисмини қариялар ташкил қилади. Уларнинг ярмисидан кўпи 80 ёшдан ошган кексалардан иборат бўлади. Шунингдек, 60 ёшгача бўлган инфекцияга чалинган аҳоли орасида ҳам 7 000 та атрофида ўлим юз бериши мумкин.

Алоҳида қайд этамизки, ушбу сценарийда тиббиёт тизими дуч келадиган ялпи коллапс туфайли юзага келадиган ўлим ҳолатларининг ўсиши эътиборга олинмаган. Хусусан, ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналари етишмаслигидан ўлиб кетадиганлар сони инобатга олинса, вазият янада аянчли тус олиши мумкин. Мулоҳаза учун айтиб ўтаманки, Москвада ҳозирда тахминан 2 600 та реанимация ўринлари мавжуд бўлиб, уларнинг жуда кам қисмигина ўпкани сунъий вентиляция қилиш ускуналари билан жиҳозланган.

Албатта, ҳукумат бундай ускуналар ва реанимация жойларининг миқдорини яқин кунларда кескин кўпайтиришини кутиш мумкин. Бироқ барибир бирваракайига 48 минг нафар оғир аҳволдаги бемор келиб тушса, унча жой ва ускуна топилиши қийин. Бу соғлиқни сақлаш тизимининг мавжуд имкониятларига берилган энг оптимистик баҳо доирасига ҳам сиғмайди.

Эпидемияни жиловлашнинг мавжуд усуллари ва уларни қўллаш асосидаги сценарийга кўра эпидемиянинг ривожланиши

Эпидемия масштабини камайтиришга қаратилган барча ҳаракатлар Rнинг қийматини пасайтиришга ёрдам бериши керак. R0 қийматининг пасайиши эса сифат жиҳатдан иккита муҳим натижани тақдим этиши керак: эпидемия вақтида касалликка чалинганларнинг умумий сони имкон қадар камроқ бўлишига ва эпидемиянинг ўзи узоқроққа чўзилиб, бунинг натижасида берилган вақт оралиғидаги умумий касаллар сони, маҳаллий тиббиёт тизимига тушаётган юкламанинг барқарор бўлишига олиб келиши керак.

Фото: Google Photos

Бунда шуни эътиборга олиш керакки, Rнинг қиймати озгина пасайиши натижасида эпидемия муддати узайиши рўй беради; Rнинг қийматини бирдан анчага пасайишидан эса эпидемия сўнади ва аҳоли орасидаги ушбу касалга чалиниб тузалганлар сони умумий аҳоли сонига нисбатан оз миқдорда сақланиб қолади. Аҳолида «гуруҳ иммунитети» шаклланишга улгурмайди ва бироз муддат ўтиб Rяна кўтарила бошласа, эпидемиянинг иккинчи тўлқини пайдо бўлиши хатари юзага келади.

COVID-19 нинг кексалар учун жуда хавфли эканини эътиборга олган ҳолда, эпидемияни жиловлашда ёши кекса ёшда бўлган одамларнинг инфекцияга чалинишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигига катта эътибор бериш керак бўлади.

R0 ни пасайтиришнинг асосий усуллари бу — касаллик юқтирганларни изоляцияга олиш ва аҳоли орасидаги ижтимоий алоқаларни кескин чеклашдан иборат бўлади. COVID-19 билан бўлган ҳолатда касалларнинг ўзини изоляция қилиш билан чекланиш — бу эпидемиянинг жадал тарқалишининг олдини олишга унчалик ҳам ёрдам бермайдиган, самараси паст усулдир.

Бунинг сабаби, енгил ва асимптоматик кўринишда касаллик ташувчиларининг сони кўп бўлиши эҳтимоли ва одатда, касаллик, эрта босқичларда, бемор касалланганини ўзи билмаган вақтда бошқаларга юқтириб юрган бўлиши эҳтимоли катталиги билан изоҳланади. COVID-19 коронавирусининг бошқа шу турдаги вируслардан, хусусан, SARS (атипик пневмония) вирусидан кескин ажралиб турадиган фақри ҳам айнан шундадир. SARS касаллиги COVID-19 дан кўра ҳам оғирроқ кечади, лекин унда касаллик юқтирувчиси, ташувчи бемор, ўзи касаллигини билганидан кейин, тўғрироғи, касаллик аломатлари яққол юзага чиққандан анча кейинроқ юқтирадиган бўлиб қолади.

Шу сабабли, SARS бўлган ҳолатда, фақат касалларнинг ўзини изоляциялаш билан чекланиш ва эпидемияни енгиш мумкин. COVID-19 эпидемиясини жиловлаш борасида ҳам шу сингари тактика қўллаш орқали Тайвань, Сингапур ва Кореяда нисбатан яхши натижаларга эришилмоқда. Ушбу мамлакатлар атипик пневмонияга қарши кураш борасида муайян тажриба орттиришган бўлиб, лекин, ушбу натижалар ҳам ҳали тегишли экспертизага муҳтождир. Қолаверса, ушбу усул жуда катта миқёсдаги ёппасига тест ўтказишни талаб қилади ва шунингдек, аҳоли жон бошига нисбатан аниқланган касаллар сонининг жуда камлиги (бир миллион аҳоли сонига нисбатан тахминан 10 нафарга яқин бемор тўғри келганда) ҳолатида иш беради.

Шу сабабли ҳам, эпидемиянинг ҳозирги этапида жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Россия учун энг мақбул йўл бу – чеклов қоидаларини жорий этиш бўлади. Унга кўра, одамларнинг ихтиёрий ёки мажбуран тарзда ижтимоий масофаланиши, ўзаро алоқаларнинг қатъий чекланиши таъминланиши керак бўлади.

Мисол учун, бундай усулни қўллаш орқали эришиладиган натижани А сценарий орқали кўриб чиқамиз. Унда аҳоли ижтимоий алоқаларни 20 фоизга камайтиради, 65 ёшдан катталар эса бошқалар билан контактни 50 фоизга камайтиради. Москвада 29 мартгача қабул қилинган чеклов чоралари – мактаб ва олийгоҳларнинг ёпилиши ва ҳоказолар кексаларга кўчага чиқмасликни тавсия қилиниши, тахминан, шундай даражадаги ижтимоий масофаланишни таъминлаб бериши керак.

Бундай чоралар билан чекланилса, Rнинг қиймати эпидемиянинг муддати сезиларли узайишига олиб келадиган тарзда бироз пасаяди холос. Бу ҳолатда эпидемиянинг чўққиси июннинг дастлабки кунларига тўғри келади. Шунда эҳтимолий ўлимлар сони ҳам 20–25 фоизга пасайиб, тиббиёт тизимига юклама ҳам учдан бирга камаяди (реанимацияга муҳтожлар сонининг 48 мингдан 32 минггача камайиши таъминланади). Тушунарлики, воқеаларнинг бундай ривожи ҳам умуман маъқул эмас ва ҳукумат янада жиддийроқ чеклов қоидалари киритишга мажбур бўлиши тайин.

Янада жиддий чеклов қоидалари жорий этиладиган B ва C сценарийларни кўриб чиқамиз.

B сценарийга кўра, босқичма-босқич, лекин нисбатан енгил чеклов қоидалари киритиб борилади. Бунда аввалига дўконлар, ресторанлар ва шунга ўхшаш одамлар кўп ташриф буюрадиган жойларни беркитиш, уйдан туриб ишлашни тарғиб қилиш, ташвиқот кампаниясини бошлаш сингарилар амалга оширилади. Натижада, аҳолининг ижтимоий масофаланиши ва ўзаро контактга киришиши икки баробар камайиши юзага келади. Кекса ёшдагиларнинг ижтимоий масофаланиши эса тўрт баробаргача етади.

C сценарийда эса кунига 30 та одам инфекциядан ўлиши кузатилган ҳолда, А сценарийда назарда тутилган чеклов қоидалари кучайтирилади. Европанинг кўплаб мамлакатларида ҳозир айнан шу тариқа иш кўрилмоқда. Унга кўра, уйдан заруриятсиз ташқарига чиқилмайди, озиқ-овқат дўконларига фақат бир кишидан навбат билан кирилади, ҳаётий зарурий ишлаб чиқариш фаолияти билан машғул бўлган бизнес турларидан бошқа ҳар қандай иш фаолиятини тўхтаттирилади. Италия мисолида кўрилган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу усулдаги қатъий чеклов чоралари одамларнинг ўзаро контактга киришувини беш баробаргача қисқартириш имконини беради.

D сценарий умумий, ўта қатъий чеклаш, ҳар қандай ҳаракатни тўхтатиш ва аҳолини бутунлай ўз уйларидан карантин ҳолида бўлишини таъминлаш.

Қуйидаги жадвалда ушбу келтирилган барча беш хил сценарийга кўра воқеалар ривожи қай тариқа тус олиши прогнозлари келтирилган. Кўриниб турибдики, мазкур сценарийлар учун яхшилари йўқ. B усул (қатъий чекловларсиз)ўлимлар сонини икки карра қисқартириш ва тиббиёт тизимига юкламани пасайтириш имконини беради. Лекин бундай сценарий мазкур турдаги чекловларнинг узоқ муддат амал қилишини талаб қилади ва у камида бир йилга жорий қилиниши зарур бўлади (ёки COVID-19 вирусига қарши вакцина топилгунига қадар). Ҳатто шунда ҳам, чеклов қоидалари бекор қилингач, эпидемиянинг иккинчи тўлқини келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Фото: «Meduza»

Қатъий карантин чораларини кўзда тутувчи усуллар ўлим сонини бир неча баробарга қисқартириш ва тиббиёт тизимига тушадиган юкламани ҳам одатий шароитлардаги кўринишда сақлаб туриш имконини беради. Лекин бу усулларда ҳам яққол бир муаммо бор. Бунда қатъий чеклов қоидалари бекор қилинишидан кейин эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши хавфи жуда катта.

Назарий жиҳатдан, эпидемия бир марта жиловлаб олинганидан кейин, унинг янги ўчоқлари пайдо бўлишини олдини олиш учун тезкор чоралар кўриш ҳамда касалларни изоляцияга олиш (Корея, Тайвань тажрибаси мисолида) орқали уни назоратда сақласа бўлади деб қараш мумкин албатта. Бироқ инфекциянинг яна назоратдан чиқиб кетиши ва яна бир бора кескин қатъий карантин чораларини кўришга тўғри келмаслигига ҳеч қандай кафолат бўлмайди.

Ва ниҳоят, энг мақбул чора бу имкон қадар эрта ва зудлик билан қатъий карантин чораларини кўриш ва аҳолининг уйдан чиқмаслигига эришиш бўлади. У кечиктириб бўлмас чора ўлароқ киритилса, тиббиёт тизимига тушадиган юкламани ҳам одатий шароитдагидан кучаймаган тарзда тутиб туришга имкон беради, ўлим кўрсаткичини ҳам 10 карра камайишига олиб келади. Қолаверса, бу тарздаги чоралар кескин ва қатъий бўлишига қарамай, у тез тугайди ва кутилган натижани яққол тақдим этади.

Сценарий 0 (чора кўрилмаса) А Б C Д
Карантин даражаси Йўқ паст Ўрта Кеч карантин Эрта карантин
Умумий ўлим сони 117000 92000 43000 3200 250
Эпидемиянинг чўққиси 15 май 6 июнь 15 июль 21 май 18 апрель
Реанимациядаги ўринларнинг максимал талаб қилинадиган сони 485000 32000 7500 900 80
Эпидемиянинг тугаш вақти 26 июнь 2020 йил 22 июль 2020 йил Май 2021 йил 6 июль 2020 йил 1 май, 2020 йил
Иккинчи тўлқин хатари Йўқ Йўқ сезиларли юқори Юқори

Муҳокама

Хулоса ўрнида бир нечта муҳим қайдларни келтириш жоиз. Катта эҳтимолки, мақолани ўқиган кўпчилик шахслар муаллиф уларни атайлаб қўрқитмоқчи бўляпти деб ўйлаши мумкин. Москвада коронавирусдан 110—120 минг одам ўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулоса бир вақтнинг ўзида ҳам даҳшатли ва ҳақиқатдан йироқ кўринади. Лекин моделлаштиришда ва айниқса, параметрларни танлашда биз максимал оптимистик ёндошганимизга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳақиқатан ҳам:

  • биз COVID-19 мавсумийлик хоссасига эга деб олдик; шунга кўра, унинг юқувчанлиги, эпидемиянинг энг авжига чиққан пайти – май июнда, мартдагига нисбатан 15–20 фоизга паст бўлади. Гарчи ушбу тахмин қулай кўринса-да, у ҳеч қандай илмий асосга эга эмас;
  • биз 50 фоиздан 95 фоизгача бўлган ҳолатларда касаллик енгил ва ҳеч қандай аломатларсиз кечади деб олдик ва шунга мувофиқ, касалликнинг ўртача оғирликда кечиши ҳам пастроқ кўрсаткичга эга бўлиши мумкин. Лекин Италия ва Испанияда кузатилаётган эпидемик вазиятни таҳлил қилиб фикр қилиш мумкинки, кўрилган сценарийлар учун ўлим кўрсаткичи 0,7 фоиздан 1 фоизгача ўзгариши ҳам мумкин;
  • биз касалларга ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратлари етишмай қолиши ва тиббиёт тизими йўлиқиши мумкин бўлган коллапс оқибатларининг бошқа аянчли натижалари туфайли юзага келиши мумкин бўлган ўлим кўрсаткичининг ортиши эҳтимолини инобатга олмадик. Аслида, яна ўн минглаб бошқа ўлим ҳолатлари ҳам рўй бериши мумкин;
  • биз фақат Москва шаҳар аҳолиси учун моделлаштириш билан чекландик. Аслида, Москва ва Москва вилоятини яхлит мегаполис деб қараш мумкин ва унинг аҳолиси 20 миллиондан зиёддир. Табиийки, вилоятда ҳам шаҳардаги бўлаётган жараённинг айнан ўзгинаси рўй бераётган бўлади;
  • B ва C сценарийларда босқичма-босқич киритиладиган чеклов чоралари амалда самара беради деб қарадик. Амалда бошқача бўлиши ҳам мумкин. Москвада чеклов чоралари кўрила бошлаганига қарамай, ҳали эпидемиянинг ўсиши секинлашмади.

Муаллиф шундай деб ҳисоблайдики, юқорида келтирилган нол кўрсаткичли (ҳеч қандай чора кўрилмаган тақдирдаги) сценарий ҳам нисбатан оптимистик прогноздир. Ўлим кўрсаткичининг унчалик катта бўлмаслиги ҳақидаги тахминлар қаердан пайдо бўлмоқда? Афтидан, кўпчилик эпидемия аҳолининг маълум оз сондаги кичик бир қисмини (бир неча фоиз аҳолини) қамраб олиб, кейин қандайдир сабабларга кўра, ўзидан ўзи йўқ бўлиб кетади деган фикрда юрибди.

Бундай фикр, асосан, эпидемик касалликларнинг тарқалиши билан боғлиқ аввалги сафарги ҳолатлардан келиб чиққан шахсий кузатув хулосалари билан боғлиқ. Масалан, грипп ёки сувчечак инфекцияларида шундай бўлишини одамлар кўрган. Лекин бу касалликлар учун аҳолида аллақачон гуруҳ иммунитети борлигини ёддан чиқармаслик керак. COVID-19 билан бўлаётган ҳолатда эса биз тамомила янги вирус билан курашаётганимизни ва унга қарши ҳали ҳеч кимда иммунитет йўқ эканини тушуниш керак.

Касаллик аҳолининг бир ёки 10 фоиз қисмини қамраб олгач, эпидемия ўз-ўзидан тўхтайди деб кутиш худди бошингга тушиб келаётган ғиштнинг бир ёки бир ярим метрдан кейин ярим йўлда ўз-ўзидан тўхтаб қолишини кутиш билан бир хил.

Иммунитетга эга бўлмаган аҳоли орасида тарқалаётган эпидемиянинг тақдири икки хил бўлиши мумкин холос: у ёки сўндирилади ёки у аҳолининг катта қисмини қамраб олади (COVID-19 учун қилинган прогнозларда у аҳолининг ярмидан кўпроғига юқиши мумкинлиги тахмин қилинган). У тобора кенг ёйилгани сари унга қарши кураш учун ҳам тобора кўпроқ ресурс ва куч керак бўлади.

Ҳозирча юқтирганлар сони ўнлаб, юзлаб сонда саналмоқда. Бу ҳолатда эпидемияни сўндириш учун нисбатан осон ва арзон усулдан фойдаланиш – касалликка чалинганларни изоляция қилиш ва улар билан алоқада бўлганларни эса карантинда сақлаш орқали мақсадга эришиш мумкин.

COVID-19 эпидемиясининг ҳозирги ҳолатида Москва учун ушбу имконият аллақачон бой бериб бўлинди. Эпидемия катта миқёсга чиқиб кетмаслиги учун энди барча аҳолини ялпи миқёсда карантинга йўллаш бўлади. Бунда одамлар имкон қадар қанча эрта босқичдан бошлаб уйда қолиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилса, эпидемияни шу қадар тез сўндириш ва унинг ижтимоий ҳаёт ва иқтисодиётга кўрсатадиган таназзул таъсирини ҳам шу қадар юмшатиш имкони пайдо бўлади.