АҚШда март ойининг учинчи ҳафтасида спиртли ичимликлар савдоси 55 фоизга ошди. Бу ҳақда Nielsen тадқиқотлар компанияси маълум қилди, деб ёзмоқда Newsweek.
Қайд этилишича, коронавирус пандемияси сабабли одамларнинг уйда қолиши зарурлиги ва шу шароитда турли маҳсулотларнинг оммавий равишда харид қилиниши савдоларнинг ошишига олиб келган.
Компания маълумотларига кўра, мазкур даврда энг юқори ўсиш ўткир спиртли ичимликлар ҳиссасига тўғри келган, уларнинг савдоси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75 фоизга ошган. Тайёр коктейллар харидида эса 106 фоизлик ўсиш кузатилган. Бундан ташқари винонинг савдоси 66 фоизга, пивонинг савдоси эса 42 фоизга ўсган. Шунингдек, спиртли ичимликларнинг онлайн савдосида 243 фоиз ўсиш кузатилган.
Аввалроқ АҚШ давлат департаменти америкаликларни ҳожатхона қоғозларини ёппасига сотиб олмасликка чақиргани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп америкаликларни олдинда кутаётган жуда оғир икки ҳафта ҳақида огоҳлантирган, коронавирус оқибатида 200 минг америкаликнинг ўлишини «яхши» сценарий деб атаган эди.
Изоҳ (0)