Тармоқларда Toyota Land Cruiser’нинг Хитойда ишлаб чиқарилган «эгизаги» — Hengtian L4600 йўлтанламасининг видеоси пайдо бўлди. Хитой нусхасининг салони оригиналидан ҳам ҳашаматли кўринишга эга: L4600’да улкан мультимедиали тизим, кўпроқ ёғоч қопламали қисмлар, чарм билан қопланган ўриндиқлар мавжуд, деб хабар беради Motor.
Hengtian L4600 ўлчами жиҳатидан Land Cruiser 200’га қараганда каттароқ: узунлиги 5239 миллиметр, эни — 2026 миллиметр, баландлиги — 1932 миллиметр, ғилдираклар базаси эса 2950 миллиметрга тенг. Таққослаш учун, Land Cruiser 200 моделининг ўлчамлари — 4950 х 1970 х 1950 миллиметр, ғилдираклар базаси — 2850 миллиметр.
Ташқи кўринишидан L4600 Toyota’нинг икки моделига ўхшаб кетади: олд томонидан Land Cruiser Prado’ни ёдга солса, орқа томонидан 2007 йилда ишлаб чиқарилган Land Cruiser 200’га ўхшайди. Кузов панеллари ва оптикалари оригинал бўлса-да, бир қарашда японларники каби кўринишга эга.
Hengtian L4600’га Futai Power томонидан ишлаб чиқарилган 286 кучга эга 4,6 литрли бензин двигатель ўрнатилган ва у механик узатмалар қутиси орқали бошқарилади. Мазкур модель апрель ойида тақдим этилиши керак эди, бироқ Пекиндаги автосалон коронавирус сабаб бекор қилингач, ишлаб чиқарувчи онлайн дебют билан чекланиб қолиши мумкин.
Хитой ОАВнинг ёзишича, Land Cruiser’нинг ушбу нусхаси 270 минг юань (37 800 доллар) атрофида сотувга чиқиши мумкин. Таққослаш учун, Toyota Land Cruiser 200 моделининг нархи 800 минг юань (112 000 доллар) атрофида.
Изоҳ (0)