Россияда бир сутка ичида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 270 та янги ҳолат қайд этилди. Meduza’нинг хабар беришича, мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1 534 кишига етган.
Янги касалланиш ҳолатлари Россиянинг 26 та ҳудудида аниқланган, уларнинг аксарияти (197 та ҳолат) Москва шаҳрида қайд этилган.
Сўнгги 24 соат давомида Россияда коронавирусдан тўрт киши вафот этган (Москвада икки киши, Санкт-Петербургда бир киши, Оренбург вилоятида бир киши). Вафот этганларнинг умумий сони саккиз кишига етган.
Сутка давомида 15 киши соғайиб, касалхонадан уйига жавоб берилган. Шундай қилиб, Россияда эпидемия бошланганидан бери коронавирусдан тузалганлар сони 64 кишини ташкил этмоқда.
Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 680 минг кишидан ошди, қурбонлар сони 31 мингдан зиёд. Ўзбекистонда 29 март Тошкент вақти билан соат 17:00 ҳолатига кўра, 133 киши касалланган, икки киши вафот этган, етти киши соғайган.
Изоҳ (0)