27 март куни ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Тошкентда эълон қилинган карантин шартларини бузиб, тўй қилиш ҳолатлари ҳақида хабар қилди, деб ёзмоқда «Repost» нашри.

Жумладан, Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйларнинг бири ёнида катта тўй ташкиллаштирилган ва тадбирда иштирок этувчиларнинг аксар қисми тиббий ниқоб тақмаган.

Уйда яшовчи фуқаролар дарҳол тегишли органларга мурожаат қилган ва воқеа жойига шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари етиб келган. Тўй ташкилотчилари билан суҳбат ўтказилиб, уларга карантин тартиб-қоидалари тушунтирилгач, маросим бекор қилинган.

Шунингдек, «Фарҳод» бозорида 27 март куни соат 07:00 да эски буюмлар растаси савдо қилишни бошлаган ва бу ҳам карантинда эълон қилинган вақтинчалик тақиқни бузиш ҳолати ҳисобланади. Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимлари бозорга етиб келган ва савдони бошлаган фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда карантин эълон қилинганига қарамай Тошкент шаҳридаги ресторанларнинг бирида никоҳ маросими ўтказилгани акс этган видео ҳам тарқалган. Унда безатилган, бироқ одамларсиз дастурхонда тўй маросими ўтказилгани акс этган. Тасвирларнинг карантиндан олдин ёки у эълон қилинганидан кейин олингани юзасидан аниқ маълумотлар йўқ.

23 мартдан бошлаб Ўзбекистонда тўйлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланган. Шунингдек, махсус комиссия қарорига кўра 27 мартдан бошлаб фуқароларга зарурат бўлмаганда кўчага чиқиш тақиқланган. Улар дори-дармон ёки озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учунгина ташқарига чиқиши мумкин.

27 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 88 нафарга етган. Жамоат жойларида ниқоб тақмаган 178 киши 61,8 миллион сўм жаримага тортилган.