28 март куни ёпиладиган Sotheby’s онлайн-савдолари орқали 992 серияга кирувчи Porsche 911 (911 GТ номи остида сотилган) сотувга қўйилди. 1996 йилда ишлаб чиқарилганидан буён 30 113 километр йўл босган автомобиль 950 000-1 100 000 долларга сотилиши мумкин, деб хабар беради Motor.
Porsche 911 GТ2 серияси 911 Turbo (993) пойга версиясини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқарилган. Орқа узатмали экстремал купе олд қанотлари тузилиши, стеклопластикдан ишланган аркали кенг ғилдираклари ва икки ўлчамли улкан антиқаноти билан ажралиб турган. Машинага 18-дюймли Speedline for Porsche ғилдираклари, шунингдек, углеродокерамикали тормоз ўрнатилган.
Porsche 911 GT’ни 430 от кучига эга 3,6 литрли двигатель ҳаракатга келтирган. Машина олти поғонали механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Нолдан 97 км/соат тезликка тўрт сонияда чиққан машинанинг максимал тезлиги соатига 296 километргача етган.
Сотувга қўйилган спорткар кумушранг Polar Silver рангига бўялган бўлиб, кондиционер ва электрузатмали ойналар билан жиҳозланган. Автомобиль модификацияга учрамаган, шу сабаб заводдан чиққан ҳолдаги хусусиятларига тўлиқ жавоб беради.
Изоҳ (0)