Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 март, пайшанба куни, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, экспресс-тестлар Россия, Хитой ва Сингапурдан сотиб олиниши кўзда тутилган.

Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори-дармонлар, субстанциялар, тиббий техника ва бошқа зарур товарларни божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Шифокорларга амалий ёрдам бериш ва уларнинг малакасини ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳақида топшириқ берилди.